Янгиликлар
АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ
Бухоро вилоят адлия бошқармасида адлия бошқармаси ва унинг тизимида ахборот хавфсизлиги бўйича қўйиладиган талаблар, бошқарма ҳамда тизимдаги компьютерлардан, локаль ва корпоратив тармоқлардан фойдаланиш жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш қоидалари бўйича семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази директори Ш. Яминов ва марказ масъул ходими Б.Шокиров, адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идораларнинг масъул ходимлари, шунингдек, бошқа манфаатдор ташкилотлар ходимлари иштирок этдилар.
Семинарда ҳукуматимиз томонидан бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган ахборот хавфсизлиги бўйича қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижроси бўйича бир қатор ишлар амалга оширилаётганлиги юзасидан фикрлар билдирилди.
Шунингдек, вазирлик тизимида ходимларга замонавий компьютер билан таъминлаш, локаль, корпоратив тармоқларидан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги, электрон ҳужжат айланиш тизими жорий қилинганлиги, ФҲДЁ органлари учун махсус ахборот тизими яратилганлиги, ҳозирда нотариуслар ишини автоматлаштириш учун ҳам махсус ахборот тизими яратиш ишлари олиб борилаётганлиги, бу ишлар ўз навбатида компьтерлар ва серверларда мавжуд маълумотларни йўқотилиши, бузилишини олдини олиш, уларни хавфлардан ҳимоя қилишни ташкиллаштириш талаб қилиниши ҳам айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, барча компьютерлар пломбаланган бўлиши, UPS қурилмалари билан таъминланиши, антивирус дастурларининг ўрнатилганлиги ҳамда антивирус базалари доимий янгиланиб борилиши зарурлиги, тармоқлар ҳам ўз навбатида ҳимояланиши, уларни яратишда техник талабларга мослигини таъминлаш зарурлиги, фойдаланувчилар компьютерларига техник ходим томонидан чекловлар, яъни дастурий таъминот ўрнатишни чеклаш, маълумот сақлаш қурилмалари (флешка) ишлатишни чеклаш ёки назорат қилиш лозимлиги тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Тадбир якунида маъруза юзасидан йиғилганлар орасида фикр алмашинув бўлиб, семинар савол-жавоб асосида қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтди.