Янгиликлар
Юридик хизмат самарадорлиги ошмоқда
Маълумки, ҳудуддаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишда, жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш, ташкилий тадбирлар, катта ҳажмдаги таҳлилий ишлар, зарурий материаллар ва маълумотлар тўплаш, ҳужжатлар лойиҳа матнини тузиш ва уни ҳар томонлама асослантириш, ҳужжатлар лойиҳасини келишиш, дастлабки ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, шунингдек идора, муассаса, ташкилотларда қабул қилинаётган буйруқлар ёки тузилаётган шартномалар ҳамда бошқа шу каби жараёнларни амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабига оғишмай риоя этиш ўз навбатида юридик хизмат ходимларининг шахсий масъулиятларини янада оширишни талаб этади.
Шу сабабли, норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ва юридик хизмат ходимлари малакасини доимий ошириб бориш ҳудуддаги қонунийликни таъминлашда кўмак берувчи асосий омиллардан биридир.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Бухоро вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Бухоро иқтисодиёт ва банк коллежида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги Қарори билан тасдиқланган “Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги Қарори билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича семинар ташкил этилди.
Тадбирда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, вилоят прокуратураси, вилоят адлия бошқармаси, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари ҳамда вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари юридик хизмат ходимлари иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда ўрта махсус, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлардаги юридик хизмат ходимининг тутган ўрни, лавозим мажбуриятлари ва аҳамияти, “Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида”ги ва “Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматлари тўғрисида”ги Низом мазмун-моҳияти, “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низом мазмун-моҳияти юзасидан иштирокчиларга тушунтириш бердилар.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.