Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Ёшлар хуқуқларини ҳимоя қилишда ННТларнинг роли ва аҳамияти


Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ташкил этиш ҳамда улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бугун бундай ташкилотлар демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.IMG_2990.jpg

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Бухоро вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорлигида ташкил этилган “Ёшларнинг хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ННТларнинг роли ва аҳамияти” мавзусидаги давра суҳбатида шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Давра суҳбатидаБухоро вилоятидаги Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, сиёсий партиялар ва қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда Бухоро вилоят ҳокимлиги ва вилоятдаги давлат бошқаруви органлари вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, “учинчи сектор” деб ном олган фуқаролик жамияти институтлари тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларини тобора ривожлантириш, уларнинг чинакам мустақиллигини таьминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техникавий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлашни кучайтириш муҳим вазифалардан бири саналади. Мазкур “учинчи сектор” ичида ёшлар ННТлари алоҳида ўрин эгаллайди.

Зеро, мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб республика ёшларининг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб бериш, маънан ва жисмонан етук ёш авлодни шакллантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бунинг ёрқин ифодаси бўлиб 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги ҳисобланади. Мазкур Қонун ёшларнинг ижодий иқтидорларини жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашга хизмат қилиб келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида давлат ёшлар ва болалар ташкилотларига моддий ва маънавий мадад бериши, уларга нисбатан имтиёзли солиқ сиёсати ўтказилишини таъминлаши, болалар ташкилотларига, мактаб, мактабдан ташқари муассасалар биноларидан, клублардан, маданият саройлари ва уйларидан, спорт иншоотлари ва бошқа иншоотлардан бепул ёки имтиёзли шартлар билан фойдаланиш ҳуқуқини бериши кафолатлаб қўйилган.IMG_2991.jpg

Бунинг ёрқин мисоли сифатида юртимизда ёшларнинг Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Келажак овози”, Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси каби бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бораётганлигини кўриш мумкин.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари, унда ННТларнинг роли ва аҳамияти, Бухоро вилояти мисолида ёшларнинг хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ННТларнинг роли ва аҳамияти тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир давомида нодавлат нотижорат ташкилотларининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилишлари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, иштирокчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.