Янгиликлар
ДОЛЗАРБ МАВЗУ МУҲОКАМАСИ
2014 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги 208-сонли “Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш” ҳақидаги қарорига бағишлаб адлия бошқармасида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги нотариал идоралар ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда маърузачилар томонидан ҳозирги тезкор замонда жуда кўп омиллар дунёда жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларга янгича ёндашишни тақозо этаётганлиги, жиноятчиликка қарши курашиш фақатгина содир этилган жиноятларни очиш, ҳуқуқбузарларни топиш, уларга қонуний жазо тайинлашдан иборат бўлиб қолмаслиги, мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Шу билан бирга, улар Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар ходимлари ўртасида доимий равишда ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ва профилактика ишлари олиб борилаётганлигини таъкидладилар.
Жумладан, Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги нотариал идоралар ҳамда ФҲДЁ бўлимлари томонидан 2015 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид жами 200 дан ортиқ оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлиб, 50 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилинган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид ўтказилган тарғибот тадбирларида вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, прокуратура, давлат бошқаруви органлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа бир қатор манфаатдор идоралар билан ҳамкорлик самарали тарзда йўлга қўйилган.
Эркин суҳбат тарзида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича керакли маълумотларни олдилар.
Тадбир якунида худди шундай тадбирларни келгусида ҳам ўтказиш борасида келишиб олинди.