Янгиликлар
ОИЛА – ЖАМИЯТНИНГ НЕГИЗИ
Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий базанинг яратилгани, самарали ижтимоий ҳимоя тизимининг жорий этилгани, замонавий таълим муассасаларининг барпо этилаётгани, вояга етмаганлар ҳамда ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани ушбу сиёсатнинг яққол ифодасидир. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат аввало ўз фарзандлари қиёфасида, униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу халққа хос хусусият ва фазилатларни намоён этадиган, унинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни кўради.
Когон шаҳар ФҲДЁ бўлимида бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам ана шу масасаларга бағишланди.
Тадбирда вилоят “Оила” маркази, Когон туман хотин-қизлар қўмитаси, Темир йўлчилар маданият саройи, Когон шаҳар, Когон, Қоровулбозор, Олот туман ФҲДЁ бўлимлари, Когон шаҳар ДНИ ходимлари, шунингдек, ёшлар иштирок этдилар.
Давра суҳбатида мустаҳкам оилаларни барпо этиш, ўзаро ҳурматга асосланган оилавий қадриятларни оммалаштириш, оилада соғлом турмуш тарзини янада мустаҳкамлаш мақсадида аҳоли (она ва болалар) соғлигини муҳофаза қилиш борасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни ташкил этиш, ота-оналарнинг фарзанд олдидаги бурчлари, оилавий тадбиркорлик, оилада соғлом психологик муҳитни ташкил топтириш омиллари, шунингдек, оилавий ҳуқуқий муносабатлар каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилди.
Таъкидланганидек, ота-боболаримиз қадимдан оилани муқаддас билишган.
Давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланган. Боланинг феъл-атвори, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби маънавий мезон ва қарашлар айнан оила шароитида камол топади. Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи деб таъкидланган.
Дарҳақиқат, халқимизда оила билан боғлиқ ўзига хосликни минг йиллар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб келаётган никоҳнинг муқаддаслиги, ота-онанинг фарзандлар, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи, ўзаро иззат-ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ибо-ҳаё, оила шаъни ва номусини асраш каби ҳамма бирдек итоат этадиган қонунлар мажмуасидан иборат, дейиш мумкин.
Оила шаъни ва номусини пок сақлаш миллатимизнинг энг улуғ фазилатларидандир. Буюк аждодларимиз ҳаётидаги кўплаб ибратли воқеалар оила билан Ватан муштарак тушунча бўлиб келганлигини исботлайди. Айтиш жоизки бугунги кунда аёлларимиз елкасида оила шаъни, фарзанд тарбиясидек оғир юк бор. Бундай масъулиятли вазифани адо этиши учун аввало, оналаримиз ўзлари тарбияли, одоб-ахлоқли, зиёли бўлмоғи лозим. Қизларимизни ана шундай тарбия қилмоғимиз кераклиги айтиб ўтилди.
Ота-оналарнинг фарзанд олдида бурчлари, фарзанд тарбияси уч таркибий қисмга – жисмоний, ақлий ва маънавий тарбияга бўлиниб, улар уйғун олиб борилгандагина бола ҳар томонлама етук, жамиятга нафи тегадиган, ватан тараққиётига хизмат қиладиган шахс бўлиб камолга етиши таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва бошқа бир қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.