Янгиликлар
ОЧИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ
Маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда ҳамда очиқ фуқаролик жамияти, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнларини давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шуниси муҳимки, Концепцияда ҳозирги даврда жамият ва давлат бошқарувининг турли соҳаларида зарур бўлган 50 дан ортиқ қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди. Уларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга жорий этилиши ўз навбатида Ўзбекистоннинг ўз мустақил тараққиёт йўлида изчил, тадрижий ва барқарор ривожланишини, аҳолининг турмуш шароити янада яхшиланишини таъминлайди, шунингдек мамлакатимизга жаҳоннинг ривожланган демократик давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаш имконини беради.
Хусусан, Концепцияда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқини кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини кучайтириш мақсадида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш зарурлиги қайд этилиб, ушбу қонун 2014 йил 5 майда қабул қилинди.
Фуқаролик жамиятини шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмасида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги давлат бошқаруви органлари ахборот хизматлари ходимлари ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Семинарнинг мақсади жорий йилнинг июль ойида вилоятларда ахборот хизматлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари томонидан ҳудуддаги давлат органларининг очиқлигини таъминлаш ва “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг бажарилишига қаратилган семинар-тренингларнинг самарадорлигини баҳолашдан иборатлиги таъкидланди.
Тадбир давомида иштирокчилар ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида энг муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Тренинг давомида давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш ва маълумот олишдан кенг фойдаланиш йўналишида амалий машқлар бажарилиб, бу борада ОАВни янада ривожлантиришнинг истиқболлари бўйича фикр алмашилди.
Бундан ташқари, тадбирда 2014 йил 5 майдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси масалалари муҳокама этилди.
Тадбир якунида республикада медиа соҳасидаги муаммолар ва интернет ресурсларни ривожлантириш масалалри борасида ўзаро фикр алмашилди.