Янгиликлар
ЭРТАНГИ КУНГА ФАРОВОН ҲАЁТ БИЛАН
Давлатимиз раҳбарининг “Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт” деган сўзларида мамлакатимизда ёш авлодни тарбиялашга қаратилган давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ўз ифодасини топган.
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб, ушбу вазифа жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ислоҳотларни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Республика маънавият тарғибот маркази Бухоро вилоят бўлими, вилоят адлия бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорликда Бухоро нефт ва газ саноати коллежида вояга етмаган ёшлар ўртасида ватанпарварлик, миллий ифтихор туйғуларини ривожлантириш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, улар онгига соғлом турмуш тарзи, миллий ғоя ва мафкурани чуқурроқ сингдириш, ҳуқуқий ва экологик маданиятни ошириш мақсадида “Эртанги кунга фаровон ҳаёт билан” шиори остида илмий – амалий анжуман ташкил этилди.
Тадбирда Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, вилоят адлия бошқармаси, Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия аъзолари, вилоят ИИБ, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши, Саломатлик ва тиббий статистика институти Бухоро филиалларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар томонидан мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида собитқадамлик билан амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, юртбошимиз томонидан ўз маърузаларида ёшларимиз келажаги тўғрисида жон куйдириб айтилаётган ҳамда бу борада амалга оширилаётган амалий тадбирлар, баркамол авлодни, мамлакат келажагини яратувчи замонавий ёшларни тарбиялашдан иборат эканлиги, мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб маънан ва жисмонан етук ёш авлодни шакллантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги, 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилинганлиги бунинг ёрқин ифодаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам баркамол авлод тарбияси, ёшлар ҳуқуқларининг кафолатига оид бир қанча нормалар ўз аксини топган. Хусусан, Асосий қонунимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги, шунингдек Конституциямизнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бири бўлган ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, Конституциямизнинг 41-моддасида кафолатланган ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни асосида мамлакатимизда ривожланган давлатлар сингари замонавий ва самарали узлуксиз таълим тизими яратилганлиги тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбир давомида Бухоро нефт ва газ саноати коллежи, Бухоро тиббиёт коллежи, Бухоро банк коллежи ва Бухоро иқтисодиёт ва банк коллежларидан 50 нафардан жами 200 нафар вояга етмаган ўқувчи ёшлар фаол иштирок этиб, улар 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда ҳар бир гуруҳга алоҳида-алоҳида мутахассислар томонидан “Ўқувчи-ёшлар ўртасида ватанпарварлик, миллий ифтихор туйғуларини ривожлантириш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш”, “Миллий ғоя ва мафкурани ёшлар онгига сингдириш”, “Ҳуқуқий ва экологик маданиятини ошириш”, “Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш” каби мавзуларда дарс машғулотлари олиб борилди.
Семинар давомида савол жавобларда иштирок этган 20 нафар энг фаол ёшлар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.