Янгиликлар
КОНСТИТУЦИЯ – МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ ҚОМУСИ
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан тарихий ютуғидир. Зотан, айнан Асосий Қонунимиз суверен давлатимизнинг ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қонун устуворлигини, унинг барча фуқаролар учун тенглигини, шунингдек, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишининг ҳуқуқий принципини белгилаб берди, уларнинг мустақиллиги, мустақил ҳокимият тармоғи сифатида ривожланишини кучайтиришга, демократик давлатнинг асосий ҳал қилувчи шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини шакллантиришга қаратилган қонуний негизни яратди. Президентимиз таъбири билан айтганда, мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси – қонун чиқариш фаолиятимизнинг гултожидир.
Бугун, вақт ўтиши билан, ҳаётнинг ўзи, мамлакатимиз эришаётган юксак марралар Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган, халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб берадиган қоида ва принципларнинг нақадар тўғри эканини исботламоқда.
Бухоро шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси томонидан Бухоро шаҳридаги 18-сон умумий ўрта таълим мактабида “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусида ўтказилган давра суҳбати ҳам айнан шу масалаларга бағишланди.
Тадбирда Конституциянинг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти, асосий қонунимизда акс этган тамойиллар тўғрисида батафсил тушунча берилди.
Иштирокчилар Конституция нафақат бугунги куннинг қомуси, балки у эртанги кунимиз, қураётган жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи ҳужжат, ёшларимизнинг йўлини ёритиб турувчи маёқ эканлигини таъкидладилар.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизда ҳуқуқий демократик ва очиқ фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда Асосий Қонунимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда.
Конституция биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоядир.
Шунингдек, Бухоро шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси ходимлари томонидан ёшларга ҳозирги даврнинг асосий глобал муаммоларидан бири бўлган одам савдоси, диний экстремизм ва ушбу иллатларнинг оғир оқибатлари ҳамда уларга қарши кураш йўллари тўғрисида ҳам тушунчалар берилди.
Мазкур давра суҳбати қизғин баҳс ва мунозараларга ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтиб, худди шундай тадбирларни яна ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.