Янгиликлар
ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ва ФУҚАРОЛАРНИ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ
Юртимизда Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш масаласи бугунги кунда долзарб масала эканлигини амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳамда қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Мустақиллик йилларида нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, биргина фуқаролик жамиятини изчил ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосига айланган икки юздан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмасида “Жамоатчилик назоратини таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда вилоят адлия бошқармаси ходимлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва унинг туман ва шаҳар бўлимлари ходимлари, шунингдек, туман ва шаҳар маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Семинарда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг алоҳида ўрни мавжудлиги, бу эса, мамлакатимизнинг “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш” йўлидаги амалий ҳаракатларнинг изчил тус олганидан далолат бериши таъкидланди.
Шунингдек, семинарда маҳалла институти ҳам ўзини ўзи бошқариш органи сифатида ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, маҳалланинг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолияти ҳам тобора кенгайиб бораётганлигига тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, жамоатчилик назорати – тушунчасига таъриф берилиб, унга кўра давлат органлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминловчи қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ҳолатларини аниқлашга қаратилган фаолияти эканлиги, жамоатчилик назоратининг субъектлари эса фуқаролик жамияти институтлари ҳисобланиши тушунтирилди.
Семинар якунида бугунги кунда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилаётганлиги, бу борадаги фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгилаш лозимлиги таъкидланди.