Янгиликлар
Аёллар фаоллигини ошириш
Бухоро вилоят адлия бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро минтақавий бўлинмаси, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг долзарб масаллари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Тадбирда вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раислари, фуқароларининг ўзини-ўзи бошқариш органларида фаолият юритувчи диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, сиёсий партияларнинг “Аёллар қаноти” вакиллари, “Маҳалла” жамоат фонди, прокуратура ва суд органлари, ИИБ масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, аёлларнинг ижтимоий фаоллиги, сиёсий, ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш ҳамда уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга оид масалаларини муҳокама этишдан иборот.
Тадбирда Бухоро вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Тўйева, вилоят прокуратураси бўлими прокурори С.Қурбонов, вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Наимовлар сўзга чиқиб, бугунги кунда хотин-қизлар қўмиталарининг олдида турган вазифалар, хусусан хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ўстириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва оила спортини ривожлантириш, иш билан таъминлаш масалаларини ҳал этиш, айниқса қишлоқ жойларида уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар билан самарали ҳамкорликни таъминлаш борасида фикр юритдилар.
Шунингдек тадбир давомида аёлларнинг ҳуқуқий билимлари, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бу соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳамда аёллар ташкилотларининг жамиятдаги ролини кенгайтириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, соғлом авлодни шакллантириш самарадорлигини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
Таъкидлаш лозимки, семинар-тренинг замонавий инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ташкил этилган бўлиб, тадбир иштирокчилари томонидан тегишли мавзуга оид материаллар билан қизиқарли равишда танишиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан уч гуруҳга бўлинган ҳолда “Аёллларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришнинг долзарб масалалари”, “Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари”, “Аёлларнинг жамиятда фаоллигини ошириш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзуларида интерактив тренинглар ўтказилиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Бундан ташқари, семинар тренингда экспертлар томонидан аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш соҳасида миллий қонунчилик ва амалий тажриба, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, аёллар жамоат ташкилотларининг фаолияти очиб берилди. Тадбир қизғин баҳс-мунозаралар шаклида ўтди.