Янгиликлар
Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги: МАҚСАД ВА МОҲИЯТ
Ушбу ойлик Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури доирасида ўтказилмоқда ва уни ҳар томонлама пишиқ-пухта ташкил этиш учун катта тайёргарлик кўрилди. Жумладан, дастлаб мамлакатимиз ҳудудидаги мактаб, лицей, коллеж ва олий таълим муассасалари, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ органлари, фуқаролик жамияти институтлари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ўн саккиз минг нафардан ортиқ ходимидан иборат тарғибот гуруҳлари шакллантирилди. Улар учун ҳар бир йўналиш бўйича тарғибот материаллари тайёрланиб, ўқув семинарлари, мастер-класслар ўтказилди.
Ойлик доирасида “Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик — фаровон ҳаётимизнинг кафолати”, “Ўзбекистонда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини қуриш стратегияси”, “Мустақилликнинг ҳуқуқий негизлари”, “Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий шартидир”, “Хотин-қизлар — доимий эътиборимизда, эъзозимизда”, “Ёшлар ва интернет” ва бошқа мавзуларда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда. Шунингдек, кўчалардаги плакат, баннер ва тасвирий чақириқлар, жой номлари, рекламалар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳам ўрганилаяптики, бу ойлик кенг қамровда ташкил этилаётганидан далолат беради.
Шу муқаддас юртнинг фуқаросиман деган ҳар бири киши, аввало, Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини чуқур билиб олиши керак. Ҳар бир фуқаро уни мукаммал ўрганса, инсоннинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва албатта, бурчларини англаб етади. Табиийки, уларга риоя этишга ҳаракат қилади. Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллиги байрами арафасида, ойлик доирасида адлия органлари ва муассасалари томонидан аҳолининг кенг қатламлари иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида учрашув, мулоқот ва суҳбатлар уюштирилмоқдаки, бу ҳам юқоридаги мақсадга хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, аҳолининг, айниқса, йигит-қизларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, сиёсий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини оширишга бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида қаратилаётган экан, “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги”да ҳаммамиз бирдек фаол иштирок этишимиз керак. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, онги, тафаккури, эътиқоди мустаҳкам бўлган, ўз мустақил фикри билан яшаётган одамни чалғитиб ҳам, кимлардир хоҳлаган томонга оғдириб ҳам бўлмайди. Бу эса мазкур йўналишда фаолият билан шуғулланаётган ҳар бир кишидан катта масъулият талаб этади.