Янгиликлар
НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ИЖРОСИ: АМАЛИЁТ ВА МУАММОЛАР
Конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш марказининг кафедра мудири, фан докторлари, доцентлар, ҳуқуқшунос олимлар ва амалиёт вакиллари иштирок этиб, тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодий тараққиётни эркин ва фаровон ҳаётни таъминлаш, мамлакат иқтисодий қудратини мустаҳкамлашнинг муҳим шарти эканлигини эътироф этишди.
Шунингдек, конференцияда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, солиқ, божхона, суд идоралари, давлат бошқаруви органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар, савдо-саноат палатаси, тадбиркорлик субъектлари ва ёшлар иштирок этишди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида сўз бошланиб, Конституциянинг 54-моддасида мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгиланганлиги, тадбиркорлик фаолиятининг кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунлар, Президент Фармонлари ва Қарорлари юртимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигининг асосий омилларидан бири бўлиб, бу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаради,- дея таъкидланди. Уларни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад – бизнес субъектларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш баробарида уларни жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулкнинг, жумладан чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш билан боғлиқ қонунчиликни янада такомиллаштиришдан иборатлилиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2015 йил 15 майдаги Фармони ва унга асосан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда 2015 йил 28 сентябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори юқоридаги фикрларнинг тасдиғи эканлиги таъкидланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, анжуманда вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциялари негизида “ягона дарча” марказалари ташкил этилиб, уларнинг фаолиятини 2016 йилнинг 1 январидан бошлаш чоралари кўрилаётганлиги тадбиркорлик субъектларига яратилган кенг имкониятлардан далолатдир.
Анжуманда қонундаги янгиликлар нафақат иқтисодий, балки кўпгина ижтимоий масалаларни ҳам ҳал этиши аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди.
Тадбир иштирокчиларининг фикрига кўра, мазкур қонун ҳужжатлари мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.
Конференцияда мутахассислар тадбиркорликка оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти тўғрисида батафсил ахборот бердилар.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аниқ ва бир хилда қўллаш бўйича амалиёт таҳлилидан келиб чиқиб, тегишли тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқилди.