Янгиликлар
Тадбиркорга – таянчмиз
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги Қонун лойиҳасини ҳуқуқий тажриба-синовдан ўтказиш тўғрисида”ги Фармойиши ижроси юзасидан Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят Хўжалик суди биносида “Тадбиркорга таянчмиз” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Бухоро вилояти адлия бошқармаси, Хўжалик суди, солиқ ва божхона бошқармалари, Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциялари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ҳунармандлар иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида ошкораликни кенг таъминлаш, тадбиркорларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар хусусида гапириб ўтдилар.
Журналистларга вилоят адлия бошқармаси, Хўжалик суди, солиқ ва божхона бошқармалари томонидан бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Жумладан, юртбошимизнинг бевосита раҳбарлигида ва Ҳукуматимизнинг эътибори натижасида тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича зарур ҳуқуқий асослар яратилгани, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ, божхона ва бошқа йўналишларда бир қатор имтиёз ва преференциялар берилиб, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Сўнгги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилиб, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланган.
Шунингдек, ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилгани, республикамизда тадбиркорлик субъектлари ривожланиши учун яратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва шарт-шароитларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида авваламбор давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан кенг фойдалана олишларини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот учун конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш шаклларини кенгайтириш муҳим вазифа ҳисобланиши таъкидланди.
Анжуманда таъкидланишича адлия бошқармаси томонидан бошқа идоралар билан ҳамкорликда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлик фаолияти учун яратилган кенг имтиёз ва шарт-шароитларни тушунтириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам бериш, уларнинг кундалик фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ҳал этиш ҳамда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2013 йилда жами 30 дан ортиқ “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилган.
Шунингдек, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида 2013 йил давомида жами 40 дан ортиқ қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигига киритилган.Қайд этилганидек, адлия бошқармасига жами 203 та, шундан “Ишонч телефони”га 16 та мурожаатлар келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 140 таси ёки 64 фоизида важлар ўз исботини топганлиги сабабли қаноатлантирилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган. Аммо, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, жойлардаги айрим мутасаддилар томонидан тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний текширувлар ўтказиш ва уларга тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳали-ҳануз учраётгани, хусусан, ўтказилган ўрганишлар давомида назорат қилувчи органлар фаолиятида жами 600 га яқин турли қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқлангани, кўрилган чоралар натижасида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаган давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг 6 та ноқонуний қарорлари бекор қилингани, адлия бошқармасининг таклифларига асосан 8 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка, 82 нафар шахс эса интизомий жазо чораларига тортилиб, судларга 36 та даъво аризалари киритилган.
Шу билан бирга анжуман қатнашчиларига бошқарманинг веб-сайти таништириб ўтилиб, сайтнинг афзалликлари, мурожаатларни электрон жўнатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиблари тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар, ушбу фармойиш ижроси юзасидан бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар, ушбу соҳада тадбиркорларга берилган имтиёзлар, бошқармаларнинг веб-сайтлари орқали мурожаат қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш, товарларни электрон расмийлаштириш тартиблари тўғрисида кенг тушунчалар бериб ўтдилар.
Тадбир сўнгида якка тартибдаги тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан соҳага оид турли саволлар берилиб, мутахассислар томонидан асосли жавоблар олинди.