Янгиликлар
КОНСТИТУЦИЯ – ЁШЛАР НИГОҲИДА
Шу кунларда мустақиллигимизнинг ҳуқуқий асоси, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллик байрами кенг нишонланмоқда.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган мамлакатимизнинг Асосий Қонуни – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бугунги кунда ҳаётимизда улкан, ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.
Бош қомус бўлмиш Конституциямизни юксак қадрлашимизнинг сабаби аввало унинг коммунистик мафкура асосига қурилган эски маъмурий-буйруқбозлик ва тақсимот усулидан, мустабид тузумдан бутунлай воз кечганимизни эълон қилиб, биз учун янги давлат ва жамият қуришнинг энг муҳим принцип ва мақсадларини, вазифа ва нормаларини белгилаб берганида деб биламиз.
Конституциямиз бугунги кунда юртимизда мустақил, суверен демократик давлат барпо этиш, кўп укладли бозор иқтисодиёти таркибида хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаш ва унинг ҳимоясини кафолатлаш, шунингдек, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва унинг ҳимоясини кафолатлаш, шунингдек, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий ҳуқуқий ва қонунчилик пойдеворига айланди.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси Ғиждувон туман давлат нотариал идораси томонидан Ғиждувон тиббиёт, Маиший хизмат, Агросаноат, Қурилиш ва коммунал хизмат касб-ҳунар коллежларида ўтказилган давра суҳбатлари ҳам юқоридаги масалаларга бағишланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан шу кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида ҳуқуқий саводхонлик ойлиги ўтказилаётганлиги таъкидланди.
Шахс, жамият ва давлат учун энг муҳим бўлган қоидани ўзида ифода этиб, мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясини ташкил этишни ҳуқуқий мустаҳкамлашга хизмат қилувчи Бош Қомусимизнинг ҳар бир бўлим, боб ва моддасининг ҳаётимиздаги аҳамияти ва ўрнини ёш авлодга чуқур етказиш мақсадида адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги барча идоралар томонидан жойларда семинар ва давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда.
Таъкидланганидек, Конституция ва унинг асосида яратилган қонунчилик базаси, шунингдек, 2010 йилда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2011 ва 2014 йилларда Бош Қомусимизга киритилган тузатишлар жамиятимизни ислоҳ этиш, демократлаштириш ва либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш бўйича энг муҳим қадам бўлди.
Дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган дастур асосида демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлидан борар эканмиз, мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол, билимли шахсларнинг камол топишида ёш авлоднинг таълим-тарбиясига берилаётган эътибор давлат сиёсати даражасида кўтарилганлигига алоҳида урғу берилди. 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунлар асосида яратилган малакали кадрлар тайёрлаш тизими ўзининг бунёдкор мақсадлари ва эришаётган натижалари билан мамлакатимизнинг буюк келажагини қуришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Қонуннинг ўз вақтида қабул қилиб унинг қоидаларига амал қилганлигимиз хусусида Муҳтарам юртбошимиз томонидан Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини янада ошириш масалалари юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, ўқувчи ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.