Янгиликлар
Фуқаролик жамияти ривожланишининг долзарб масалалари
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят адлия бошқармаси ходимлари, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва унинг туман ва шаҳар бўлимлари ходимлари, сиёсий партиялар вакиллари, шунингдек, вилоятдаги давлат бошқаруви органлари ахборот хизматлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Анжуманда қайд этилганидек, юртимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масаласи бугунги кунда долзарб масала эканлигини амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳамда қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Мустақиллик йилларида нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, ҳозирда биргина фуқаролик жамиятини изчил ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосига айланган икки юздан ортиқ қонун ҳужжати мавжуд.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Давра суҳбатида юртимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг алоҳида ўрни мавжудлиги, бу эса, мамлакатимизнинг “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш” йўлидаги амалий ҳаракатларнинг изчил тус олганидан далолат бериши урғу берилди.
Шунингдек, тадбирда фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари томонидан “Институт фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таснифи”, “Фуқаролик жамияти институтлари тизимида ННТларнинг ролини кучайтириш масалалари”, ОАВ – жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилиш омили сифатида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришда сиёсий партияларнинг ўрни ва роли”, “Ўзини ўзи бошқариш органлари ривожланишида демократик жараёнлар”, “Фуқаролик жамиятини барпо этиш, демократик ислоҳотларни амалга оширишда ёшларнинг роли ва ўрни”, “Юқори ҳуқуқий маданият – демократик жамиятнинг асоси” каби мавзуларда ҳам маърузалар қилинди.
Тадбирда маҳалла институти ҳам ўзини ўзи бошқариш органи сифатида ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, маҳалланинг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолияти ҳам тобора кенгайиб бораётганлигига ҳам аҳамият қаратилди.