Янгиликлар
Вояга етмаганлар ҳуқуқлари – давлат ҳимоясида
Когон шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан Когон шаҳар 4-сон умумтаълим мактабида “Вояга етмаганлар ҳуқуқлари – давлат ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Шунингдек, мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий базанинг яратилгани, самарали ижтимоий ҳимоя тизимининг жорий этилгани, замонавий таълим муассасаларининг барпо этилаётгани, вояга етмаганлар ҳамда ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани ушбу сиёсатнинг амалдаги яққол ифодаси эканлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат аввало ўз фарзандлари қиёфасида, униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу халққа хос хусусият ва фазилатларни намоён этадиган, унинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни кўради”.
Республикамизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Конституция олий юридик кучга эга ҳужжат ҳисобланади. Унга асосан вояга етмаганлар Конституция ва қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлиқ фойдаланадилар. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини уларнинг ёшига қараб бевосита ёки билвосита чеклаб қўйишга йўл қўйилмайди ва бундай хатти-ҳаракатлар амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Конституциянинг 45-моддасида вояга етмаганлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани, 64-моддасида эса ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур экани, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналари васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга йўналтирилган хайрия фаолиятини рағбатлантириши белгилаб қўйилган.
Давра суҳбати қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.