Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Когон шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳиятини батафсил тушунтириш бўйича амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда адлия бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, Когон ва Қоровулбозор туманлари ҳамда Когон шаҳар ҳокимларининг иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари ва “Ягона дарча” марказларининг барча ходимлари (захирадаги номзодлар), 16 та турдаги давлат хизматлари кўрсатадиган ташкилотлар ҳамда давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этадиган ташкилотлар, шунингдек, Савдо саноат палатаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси, давлат бошқаруви органлари, шунингдек, ёшлар иштирок этдилар.
Замон ва ислоҳотлар амалдаги қонунларни доимий равишда такомиллаштириб боришни тақозо этади.
Юртимизда истиқлол йилларида тадбиркорлик фаолиятининг кафолотли ҳимоясини таъминлашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.
Тадбиркорлик фаолиятининг кафолотли ҳимоясини таъминлашга қаратилган мазкур қарорлар юртимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигининг асосий омилларидан бири бўлиб, бу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаради, - дея таъкидланди учрашувда. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад – бизнес субъектларининг ишончли ҳимоясини таъмин этиш баробарида уларни жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулкнинг, жумладан чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш билан боғлиқ қонунчиликни янада такомиллаштиришдан иборат.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ “Ягона дарча” марказларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан кечиктирмасдан бошланиши, шу муддатдан бошлаб “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш таъқиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрда “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Бир дарча” марказларининг асосий вазифалари этиб, “Бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик ғов-тўсиқларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш белгиланди.
2016 йил 1 январдан бошлаб 16 та турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилди.
Қарорга кўра, эксперимент тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг танлаб олинган жами 30 туман (шаҳар)ларида тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш ягона марказларини ташкил этилди.
Республика бўйича “Ягона дарча” марказларини қўшимча равишда жиҳозлаш учун замонавий ташкилий техника ва компьютер ускунасини харид қилишни молиялаштириш манбаларига мувофиқ маблағлар ажратиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатадагин ягона марказларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2015 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 28 сентбярдаги қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорлари қабул қилинди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижроси кўп жиҳатдан уларнинг ушбу ҳужжатларни қўлловчи давлат органлари ва тадбиркорларга қай даражада етказилганига боғлиқдир.
Шу мақсадда, Ҳукуматнинг алоҳида қарори билан 41 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат қонун ҳужжатлари миллий базасидан тадбиркорларимизнинг бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Эндиликда интернет тармоғига уланган ҳар бир шахс LEX.UZ сайти орқали ушбу базадан бемалол фойдаланиши мумкинлиги тушунтирилди.
Ўқув семинар қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоблар қайтарилди.