Янгиликлар
ҚОНУНЧИЛИК ЯНГИЛИКЛАРИ
Бухоро вилоят адлия бошқармасида ўтказилган “Ҳуқуқий билимлар” ўқув машғулотида Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунчалар берилди.
Таъкидланганидек, юртимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масаласи бугунги кунда долзарб масала эканлигини амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳамда қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Мустақиллик йилларида нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, ҳозирда биргина фуқаролик жамиятини изчил ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосига айланган икки юздан ортиқ қонун ҳужжати мавжуд.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг мақсади нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кафолатлар бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Ўқув машғулотида Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш кафолатлари, фаолият эркинлиги кафолатлари, ахборотдан фойдаланиш кафолатлари, Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш каби тушунчалар ҳақида ҳам атрофлича тушунтиришлар берилди.