Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Коррупцияга қаршимиз


Маълумки, давлат, шу жумладан ҳуқуқ пайдо бўлиши билан уни суиистеъмол қилувчилар, ундан гаразли шахсий манфаатларда фойдаланувчилар пайдо бўлган. 1.jpgКоррупция ҳам шу каби салбий ҳолатлардан бири бўлиб, этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича, “коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов “Ҳеч шубҳасиз, мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг даражаси, унинг амалий самараси кўп жиҳатдан ҳуқуқ-тартибот, прокуратура ва суд органлари тизимининг ўзида бу иллатга қарши қандай кураш олиб борилаётгани билан боғлиқдир” дея таъкидлаганлар.

Бухоро вилоят адлия бошқармасида бошқарма ва унинг тизимига кирувчи идоралар ходимлари иштирокида “Коррупцияга қаршимиз” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари, бошқарма тизимидаги ДНИ ва ФҲДЁ органлари ходимлари иштирок этдилар.

Учрашувда таъкидланганидек, дунё мамлакатларида давлат хизматчиларининг порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан ишончсизлик ва норозиликка сабаб бўлмоқда. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Инсон, жамият ва давлат учун катта хавфга эга бўлган ва бир вақтнинг ўзида жамият ҳаётининг барча соҳаларига салбий таъсир ўтказадиган коррупция омиллари бугунги кунда нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва хавфсизлиги учун таъсир ўтказади, балки фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини бузади.

Коррупцияга қарши кураш борасидаги энг асосий халқаро ҳужжат БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясидир.

Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро ҳужжатни ратификация қилган: Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонуни 2008 йил 24 июнда қабул қилинди ва 2008 йил 28 августдан эътиборан кучга кирди .

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясида белгиланганидек, коррупциянинг олдини олиш сиёсати ва амалиёти доирасида ҳар бир иштирокчи давлат тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ва маъмурий чораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга мос келиши нуқтаи назаридан уларни даврий баҳолашга ҳаракат қилади.

Худди шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлари режаси доирасида Ўзбекистон Республикасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мажбурий экспертизасини ўтказиш ҳақидаги талабни ва мазкур экспертизани ўтказишнинг жараёнини тартибга солувчи, шунингдек коррупцияга замин яратадиган нормалар аниқланган тақдирда амалга ошириладиган кейинги ҳаракатлар тўғрисидаги тартибни қабул қилиш бўйича тавсия берилган.

1.jpgШунингдек, тадбирда юқорида қайд этилган халқаро ҳужжатлар қоидаларини мамлакатимиз қонун ҳужжатларида акс эттириш юзасидан салмоқли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳлилини амалга ошираётганлиги таъкидланди.

Давра суҳбатида коррупция соҳасида хорижий тажриба ва хорижий қонунчилик тўғрисида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.