Янгиликлар
Солиқ маъмурчилиги такомиллаштирилмоқда
Худди аввалги йиллардагидек 2016 йилда ҳам мамлакатимизнинг солиқ сиёсати, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолининг зиммаларига тўғри келадиган солиқ юкини имкон қадар пасайтиришга, солиққа тортиш тизимини соддалаштиришга, солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга, шу орқали мамлакатимиз иқтисодиётини модернизациялаш ва янгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 22 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Бухоро вилоят адлия бошқармасида бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам айнан ушбу масалага бағишланди.
Тадбирда адлия бошқармаси, вилоятдаги давлат бошқаруви органлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳуқуқшунослари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона солиқ сиёсати натижасида мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, модернизациялаш ҳамда техник ва технологик жиҳатдан янгилаш имконини яратмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги мазкур қарори билан тадбиркорлик субъектлари учун ҳам солиққа тортиш соҳасида қатор енгилликлар яратилди.
Солиқ тўловчилар учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартибини соддалаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида қўлланиладиган айрим меъёрлар билан Солиқ кодекси меъёрларини бирхиллаштириш ва Кодекс нормаларини тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 31 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунга биноан Солиқ кодексининг 39 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосан солиқ тўловчиларнинг зиммаларига тушадиган солиқ юкини янада камайтиришга, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ қонунчилигидаги айрим нормаларни мувофиқлаштиришга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки кунларданоқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш жамиятимизда тадбиркорликни кенг кўламда таркиб топиши ҳамда ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш борасида самарали ислоҳотлар олиб борилмоқда. Эътиборлиси, тадбиркорлик фаолиятига оид бир қанча норматив ҳужжатлар, қонун, қонуности хужжатлар қабул қилиниб, уларнинг ҳуқуқий кафолатлари тобора мустаҳкамлаб борилаётганлиги айтиб ўтилди.
Тадбир баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, берилган саволларга жавоблар берилди.