Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Фарзандлар камоли – юрт бойлиги


Когон шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан Когон шаҳар “Темирйўлчи” МФЙда “Фарзандлар камоли – юрт бойлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан йилларга “Соғлом бола йили”, “Соғлом она ва бола” йили деб ном берилиши мамлакатимизда маънавий соғлом ва баркамол авлод таълим-тарбияси йўлидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш имконини берганлиги таъкидланди.

Шунингдек, баъзи мамалакатларда давом этаётган можаролар, сиёсий курашлар катталар қатори болаларни ҳам қўлига қурол олишга мажбур этаётганлиги, ўқиш-ёзишни ўрганиш ўрнига уруш жабрини тортаётган болаларнинг ачинарли аҳволи барча тинчлик тарафдорларини ўйлантираётганлиги, шукурки, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамлик, фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаган шарт-шароитларда таълим-тарбия олаётганлиги, энг муҳими, бунда давлат бош ислоҳотчи вазифасини ўз зиммасига олганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Буюк келажак, давлат ва жамият тараққиётини кўзлаган давлатимиз истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ таълим-тарбия тизимида туб ўзгариш ва янгиланишларни амалга оширишга киришди. Фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароитларни яратиш ватан равнақи, юрт келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсоннинг эзгу амалига айланди.

Шўхлик меъёридан ошса, шумлик бошланади, бу ҳам вақтида тўхтатилмаса, жиноят эшикларини очади. Шу сабабли халқда “шўх бўлса майли-ю, шум бўлмасин” деган гап бор.

Бўйсунмас болалар фақат ўсмир ёшида эмас, балки барча ёшларда учрайди. Бўйсунмаслар фақат жиноятчилик ёки жиноят кўчасига кираётганларми? Албатта йўқ. Бўйсунмаслик – аввало нотўғри тарбиянинг ёки болага нисбатан нотўғри муносабатнинг натижасидир.

Тадбир давомида 2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти ҳам тушунтириб ўтилди.

Жумладан, ушбу қонуннинг мақсади вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун 6-боб ва 36-моддани ўз ичига олади ва қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

вояга етмаган – ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси – вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган, якка тартибдаги профилактика иши билан биргаликда амалга ошириладиган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизимини ўз ичига олади.

Мазкур қонуннинг 5-моддасига кўра, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликнинг профилактикасига доир фаолиятнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсонпарварлик;

тизимлилик;

оилани қўллаб-қувватлаш ва у билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларнинг тарбиясига якка тартибда ёндашиш.

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар тизимига қуйидагилар киради:

вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар:

ички ишлар органлари;

таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари;

васийлик ва ҳомийлик органлари;

соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;

меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари.

Мулоқотда бола – вояга етмаган шахс нима учун жиноят кўчасига киради деган саволга жавоб излар эканмиз, аввало биз катталар юртимиз келажаги бўлган фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб етишини таъминловчилар эканлигимизни унумаслигимиз лозимлиги уқтириб ўтилди.

Давра суҳбати қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.