Янгиликлар
Тадбиркорликни ривожлантиришда янги босқич
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бухоро вилоят адлия бошқармаси ҳамкорликда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси мажлислар залида амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда ҳукумат топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUZ” билан ишлаш амалиётини “ягона дарча” марказлари ходимларига тушунтириш, шунингдек Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали давлат хизматлари кўрсатишга оид” Қўлланманинг тақдимоти юзасидан семинар амалий машғулоти ташкил қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходимлари, “ягона дарча” марказининг ходимлари, давлат хизматлари кўрсатувчи ва давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи бошқа ташкилотлар, вилоятдаги давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.
Ўқув семинарини ўтказишдан асосий мақсад, жойлардаги тадбиркорлик субъектлари, марказ ходимлари ва давлат хизматларини кўрсатувчи идоралар вакилларига Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUZ”дан фойдаланиш тартибини ҳамда Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали давлат хизматлари кўрсатишга оид Қўлланманинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида Ҳукуматимиз томонидан берилган топшириққа асосан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамкорлигида амалга оширилган тадбирлар ҳақида тушунчалар берилди.
Бугунги кунда:
- “Ягона дарча” марказлари аҳоли бориш учун қулай бўлган туман ва шаҳар марказларига жойлаштирилди;
- марказларнинг кадрлар заҳираси шакллантирилиб, улар малакали мутахассислар билан тўлдирилди ҳамда марказга мутахассисларни ишга қабул қилиш ва лавозимидан озод этиш адлия органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши тартиби жорий этилди;
- марказлар томонидан аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериши лозимлиги белгилаб берилди;
- “Ягона дарча” марказларини белгиланган тартибда камида 1 Мб/с тезлигида бўлган Интернет тармоғининг миллий сегмент маълумотларини узатиш тармоғига, шунингдек бепул фойдаланиш асосида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига, жумладан Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали уланиши таъминланди;
- “Ягона дарча” марказлари билан давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали амалга оширилиши белгиланди;
- қабул қилинган қонун ҳужжатларини “Ягона дарча” марказлари ходимлари ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида, 2015 йилнинг декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тегишли манфаатдор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари томонидан 16 та давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида ўқув семинарлари ўтказилди.
Бундан ташқари, ҳар ойда ҳудудий адлия органларининг масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларини давлат рўхатидан ўтказиш ва “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини мазмун-моҳияти бўйича жойларда тадбиркорлик субъектлари учун “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтаётганлиги айтиб ўтилди.
Тадбир баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.