Янгиликлар
Ҳамкорликдаги тадбир
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши, вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Бухоро шаҳридаги Солиқ коллежида “Соғлом она ва бола” Давлат дастури ижроси юзасидан давра суҳбати ташкил қилинди.
Таъкидланганидек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни жамиятимизда теран англаш ва қарор топтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, оила институтини ролини оширишда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Жумладан, дастурда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш каби муҳим йўналишларни белгилаб олиш кун тартибига қўйилди ва услубий раҳбарлик Адлия вазирлигига юклатилди.
Дастурда жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш, жиноят кодексига фарзанди уч ёшга тўлмаган аёлларга (бола тарбияси учун таътилга чиқишидан қатъи назар) нисбатан жиноят қонунчилигини янада эркинлаштириш, уларни ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайдиган шахслар тоифасига киритишга қаратилган тузатишлар киритиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Мурувват уйлари, бошқа давлат ва нодавлат таълим муассасаларида тарбияланаётган ногирон болаларга кундузи қараш марказлари (гуруҳлари)ни ташкил этиш кўзда тутилган қарорини қабул қилиш режалаштирилмоқда.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида соғлом болани шакллантиришда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, бошланғич таълим сифатини тубдан ошириш ҳисобидан болаларни мактабга тайёрлаш даражасини юксалтириш, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш вазифаси белгиланган.
Эркин суҳбат асносида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича керакли маълумотлар олдилар.