Янгиликлар
Қонунлар халқ манфаати ифодасидир
Демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидан бири - жамият аъзоларининг қонун олдидаги тенглигини, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминланганлигидир.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси, Когон туман ФҲДЁ бўлими, туман хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа манфаатдор идоралар ҳамкорликда Когон туманидаги 3-сон ўрта умумтаълим мактабида “Қонунлар адолат манбаи ва меъзонлари” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси, Когон туман ФҲДЁ бўлими, туман хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа манфаатдор идоралар вакиллари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, Конституция ва қонунларнинг пировард мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат бўлмоғи лозим.
Қонун устуворлигини таъминлаш, шахс, оила, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, фуқароларни қонунга бўйсуниш ва ҳурмат руҳида тарбиялаш – бу ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган чинакам демократик, ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуришнинг нафақат мақсади, балки унинг воситаси, энг муҳим шарти ҳисобланади.
Қонун устуворлигининг моҳияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қатор моддаларида белгилаб берилган.
Хусусан, Конституциянинг 15-моддасига кўра, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўриши кўрсатилган.
Конституциянинг нормаси бошқа қонунларнинг нормаларига нисбатан устунлик характерига эга. Чунки Конституция барча бошқа қонунлар учун пойдевордир.
Шунинг учун ҳам Конституциянинг 16-моддасида мустаҳкамланган қоидага биноан бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас. Агарда бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституцияга зид келадиган бўлса, у бекор қилиниши лозим.
Ўзбекистон Республикасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлаш механизми ишлаб чиқилган ва амалда қўлланилади.
Умуман олганда қонунларнинг ижро этилиши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга ва қонунларга мос бўлишини назорат қилиш қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини амалга оширувчи давлат органлари томонидан олиб борилади.
Қабул қилинган қонунларнинг ижро этилишини назорат қилиб бориш Олий Мажлис фаолиятида ўзига хос ўрин тутади. Олий Мажлис томонидан қонунларга риоя қилинишини назорат қилиш, уларнинг таъсирчанлигини ўрганиш, қонун ҳужжатларидаги камчиликларни, ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадини кўзлаши айтиб ўтилди тадбирда.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ҳамда мурожаатларни рўйхатга олиш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалалар юзасидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди.
Иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.