Янгиликлар
Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш самарадорлиги
Республика Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Унда адлия органларининг фуқароларга юридик хизмат кўрсатиш борасидаги фаолияти, уни янада такомиллаштиришга қаратилган янги лойиҳалар хусусида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумотлар тақдим этилди.
Истиқлолдан сўнг юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларни малакали юридик ёрдам олиш имконияти билан таъминлаш, адвокатура соҳасини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш ва адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш асосида шу соҳани ривожлантиришга қаратилган чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Адвокатура томонидан кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (116-модда) билан кафолатланди ва унинг асосида сохага оид муносабатларни тартибга соладиган бир неча қонунлар қабул қилинди .
Давлатимиз Раҳбари И.Каримов томонидан кейинги йилларда адвокатура институтига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Айблов билан химоянинг тенглигини,тортишувчанлик тамойилини амалда таъминлаш, тергов ва суд ишининг барча босқичида фуқароларга малакали хуқуқий ёрдам кўрсатишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш суд-хуқуқ ислохотларининг долзарб вазифалари қаторига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилинганлиги юқорида кўрсатилган вазифаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Адвокатура институтини ислоҳ қилиш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, ушбу касбнинг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадида 3 та Қонун, 5 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва 9 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.Соханинг ташкилий хуқуқий асослари мустахкамланиб Республика адвокатлар палатаси ташкил топди. Ҳозирда мамлакатимиз бўйича жами 3836 нафар адвокатлар фуқароларга юридик ёрдам кўрсатишмоқда.
Шу ўринда тадбир қатнашчилари эътиборига бир неча далил ва рақамлар ҳавола этилди. Жумладан, 2015 йил давомида республика адвокатлари томонидан жиноят, фуқаролик ва хўжалик процессида иштирок этиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида 165 мингдан зиёд битимлар тузилган.
Кундалик ҳаётда хуқуқий масалаларнинг ечими юзасидан фуқаролар кўпроқ мурожаат қиладиган идоралар- бу нотариат ва ФХДЁ органларидир.
Мамлакатимизда хусусан, нотариал фаолият Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик ва Оила кодекслари, “Нотариат тўғрисида”ги Қонун ва 60 дан ортиқ бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
2016 йилнинг 1 июлидан бошлаб нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказишда тест синовлари жорий этилиши белгиланди. Унга кўра, нотариус лавозимига талабгорларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий, хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билим даражасини аниқлаш мақсадида улар тест синовларидан ўтказилади.
Жисмоний ва юридик шахсларга малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларининг расмий веб-сайтларида нотариал ҳаракатлар учун давлат божи, пуллик хизмат ва герб йиғимлари қийматининг автоматлаштирилган ҳисоб-китобини амалга оширишни назарда тутувчи электрон калькулятор дастури яратилди. Унга кўра, жисмоний ва юридик шахслар аниқ нотариал ҳаракатлар бўйича тўловлар миқдори ҳақида олдиндан билиш имконига эга бўлишди
Энг сўнги янгилик сифатида вазирлик томонидан тайёрланиб, “Адолат” нашриётида чоп этилган “Нотариал ҳаракатлардан намуналар” тўплами чоп этилди.
Фуқаролик ҳолатини қайд этиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини пайдо бўлишига сабаб бўлиб хизмат қилувчи ҳужжат, яъни гувоҳнома бериш учун асос бўлади.
Оҳирги йилларда адлия органлари ва муассасаларида олиб борилаётган ислоҳатларнинг муҳим йўналишларидан бири ФҲДЁ органлари томонидан фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилган чора тадбирлар ҳисобланади.
Жумладан, ФҲДЁ органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 мартдаги фармойишига асосан ҳар йили ФҲДЁ органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланиб келмоқда.
Масалан, 2013-2015 йиллар давомида республикамиз бўйича жами 41 та янги ФҲДЁ органи биноси қурилди, 39 та ФҲДЁ органи капитал таъмирланди. Ушбу биноларнинг қурилиши миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари ва ечимларини ўзида уйғунлаштирганлиги билан давр талабларига тўлиқ жавоб бермоқда
Соғлом оилани шакллантириш, болаларни туғма ва наслий касалликлар билан туғилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинганидан яхши хабардорсиз.
2015 йил давомида республика ФҲДЁ органлари томонидан 287 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилган бўлиб, Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга асосан 580 мингдан нафардан зиёд фуқарога тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланмалар берилган.
Учрашувда журналистларни ФҲДЁ ва Нотариат сохасига ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилиши,кадрлар малакасини ошириш, йил дастури ижроси билан боғлиқ саволлар қизиқтирди. Самимий руҳда ўтган анжуманда мутахассислар кўтарилган барча масалалар бўйича тегишли маълумотларни тақдим этдилар.