Янгиликлар
Солиқ билимдонлари танлови
Давлатимиз раҳбарининг “Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт” деган сўзларида мамлакатимизда ёш авлодни тарбиялашга қаратилган давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ўз ифодасини топди.
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб, ушбу вазифа жамият хаётининг барча жабҳаларида ислоҳотларни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
“Камолот” ЁИҲ вилоят Васийлик Кенгашининг 2015 йил 21 декабрдаги йиғилиш баёни билан тасдиқланган “Вилоятда 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”нинг ижроси юзасидан умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Солиқ билимлари - болаларга” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят давлат солиқ, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва адлия бошқармалари ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда иштирокчилар тўрт йўналиш бўйича солиқ тўғрисида тушунча, билим ва қарашларини ўз ижодий ишлари орқали намойиш қилди.
Ушбу анъанавий танлов ёшларнинг солиқ тизими бўйича билимини бойитиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бу йилги танловнинг қуйи босқичларида 1000 дан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Улар орасидан сараланган 40 дан зиёд ёшлар вилоят босқичида баҳслашди.
“Солиқ мавзусининг суратлардаги тасвири” номинациясида Бухоро шаҳридаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси, “Солиқ мавзусини ҳикояларда акс эттириш” йўналишида Бухоро шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсати” мавзусида иншо ёзиш бўйича Бухоро солиқ коллежи ўқувчиси, “Солиқ нима учун тўланади ва нималарда сарфланади?” мавзусидаги компьютер тақдимотида ҳам Бухоро солиқ коллежи ўқувчиси биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.