Янгиликлар
Қонун ҳужжатларини туркумлаш
Адлия вазирлиги ташаббуси билан Бухоро вилоят адлия бошқармасида бошқарма ва унинг тизимига кирувчи идоралар ходимлари иштирокида ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда Адлия вазирлиги масъул ходимлари, бошқарма раҳбарияти ва масъул ходимлари, шунингдек вилоятдаги ДНИ ва ФҲДЁ ходимлари иштирок этдилар.
Қонун ҳужжатларини ижрочиларга ва аҳолига етказиш, уларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас. У бир неча минг йил илгари инсоният тарихида илк бор давлатчилик асослари пайдо бўлиб, ҳудудийлик тамойилига кўра бўлиниб яшаш турмуш тарзи аҳоли томонидан қабул қилиниб, оммавий тартиб тушунчаси пайдо бўлгандан буён мавжуд. Лекин янги тартиботни ўрнатувчи ҳужжатларни ижрочилар ва аҳолига етказиш, янги ҳуқуқий қоидаларни жорий қилиш турли тарихий даврларда, у ёки бу ижтимоий-иқтисодий тараққиёт босқичида, муайян давлатларда турлича ҳал қилинган.
Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида: "Қонунларни ижрочиларга етказиш ва шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ва амалга ошириш самарадорлигини албатта ўрганишни ва шу асосда қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурларига зудлик билан тузатишлар киритишни кўзда тутадиган меъёрий-ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш — бугунги кунда долзарб вазифага айланиши даркор", деб таъкидлаганлар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2012 йил 14 февралдаги “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 39-мҳ-сон буйруғига кўра Қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш — уларни марказлаштирилган тартибда йиғиш, мазкур Қоидаларнинг 1-иловасидаги Қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрларини ҳисобга олиш журналида (кейинги ўринларда матнда Журнал деб юритилади) ҳисобга олиш ҳамда назорат нусхаларини олиб боришдан иборат бўлиб, Давлат бошқаруви органларида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бевосита тегишли соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда бошқа бир қатор соҳаларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисоби юритилади.
Расмий нашрлар қатъий ҳисобга олиниши, сақланиши ва ҳар 5 йилда камида бир марта хатловдан (инвентаризациядан) ўтказилиши зарурлиги, расмий нашрлар йил бўйича хронологик тартибда йиғилиши ва муқоваланиши айтиб ўтилиб, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни назорат ҳолатига келтиришда ишлатиладиган белгилар ҳақида тушунчалар берилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган тарзда юритиш ҳозирги кунда амалиётга тадбиқ этилаётган янгидан-янги қонунчиликдаги ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз вақтида қайд этиб бориш, уларни тартибга солувчи ҳуқуқий муносабатларни ҳам бир вақтнинг ўзида такомиллаштириб боришга замин яратади.
Тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.