Янгиликлар
1 июнь - халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Маълумки, инсон ҳуқуқларининг ажралмас ва узвий қисми бўлган бола ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш – Ўзбекистон Республикаси миллий ҳуқуқ тизимининг ўзагини ташкил этади. Зеро, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол авлодни шакллантириш, мамлакат келажагини яратувчи замонавий ёшларни тарбиялаш – бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган давлат сиёсатининг ҳамда ислоҳотларнинг асосий мақсадидир.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Бухоро шаҳридаги Малака ошириш институтида “1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” ҳамда 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” муносабати билан “Соғлом авлод – жамият таянчи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар масъул ходимлари, халқ таълими бошқармаси ходимлари, шунингдек, Бухоро шаҳридаги 3-сон ўрта умумтаълим мактаби ўқитувчилари ва бошқа манфаатдор идоралар ходимлари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, истиқлол йилларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг самарали ҳуқуқий механизмлари яратилиб, бу борада бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.
Жумладан, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Асосий Қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам баркамол авлод тарбияси ва ёшлар ҳуқуқларининг кафолатига оид бир қанча нормалар ўз аксини топган.
Асосий Қонунимизда “Вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида” эканлиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши кафолатланган.Шунингдек, мамлакатимиз томонидан ушбу соҳадаги универсал халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ва унга бўлган иккита факультатив протокол, ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенция, болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенция, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколлар ратификация қилинган.
2008 йил 7 январдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир давлат сиёсатини амалга оширишда ҳамда жамиятдаги барча тоифа болалар, шу жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқларини кафолатлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда бола ҳуқуқларинингҳаётга тўла татбиқ этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, баркамол авлодни тарбиялаш бўйича ўзига хос “миллий тизим” шаклланди.
Хусусан, юртимизда Оила, Соғлом авлод, Оналар ва болалар, Ёшлар йиллари доирасида бу борада кўпгина амалий ишлар бажарилганлиги таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.