Янгиликлар
Хорижий инвестиция ва имтиёзлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги Қонун лойиҳасини ҳуқуқий тажриба-синовдан ўтказиш тўғрисида”ги Фармойиши ижроси юзасидан Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан “Хорижий инвестиция ва имтиёзлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда, вилоят солиқ бошқармаси, вилоят Божхона бошқармаси, Савдо саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро ҳудудий бўлинмаси, туман ва шаҳар тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияларининг масъул ходимлари, ОАВ вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этдилар.
Ушбу тадбирнинг асосий мақсади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида”ги Фармойиши доирасида вилоят адлия бошқармаси ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларни ОАВ вакиллари эътиборига еткзишдан иборат бўлди.
Тадбирда давлат органлари вакиллари томонидан мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритилиб, ахборот эркинлигини ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида ошкораликни таъминланмасдан туриб фуқаролик жамиятини қуриш имконияти мавжуд эмаслиги таъкидланди. Зеро, Президентимиз И.Каримов таъкидлаганларидек, “Ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини ўзимизга яхши тасаввур этамиз. Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади”.
Шу мақсадда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” Қонун қабул қилиш зарурлиги таъкидланди. Мазкур Қонуннинг асосий мақсади фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтиришга қаратилгани таъкидланди.
Фармойиш ижроси юзасидан ташкил этилган ушбу анжуманда бугунги кунда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарга берилаётган имтиёзлар, уларни амалга ошириш тартиблари, божхона соҳасидаги имтиёзлар, давлат солиқ идоралари томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва шароитлар хусусида сўз юритилиб бу борада юзага келаётган муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда ҳамкорликда ОАВда телекўрсатувлар, эшиттиришлар, мақолалар ташкил этиш лозимлиги хусусида бир қатор мавзулар йўналиши белгилаб олинди.