Янгиликлар
07
Ўзбекистон ва Германия давлатлари нотариат тизими соҳасидаги ҳамкорлик
Бухоро шаҳрида жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари ташаббуси билан Ҳалқаро ҳуқуқий ҳамкорлик Германия фонди билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикасида нотариуслар фаолияти” мавзусида семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари вакиллари ва 60 дан ортиқ нотариуслар ҳамда Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик Германия фондининг Берлин офиси раҳбари А.Шмайнк, фонднинг лойиҳалар менежери, адвокат В.Бёрнер, Германия нотариуслар федерал палатаси вице-президенти, нотариус Р.Бок, Германия нотариуслар федерал палатаси халқаро алоқалар гуруҳи аъзоси, нотариус Д.Кёниг иштирок этди.
Семинарни ташкил этишдан кўзланган мақсад халқаро тажриба алмашиш, икки давлат нотариуслари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўзда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ўзаро фикр алмашиш ҳамда нотариал фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
Хусусан, семинарда битимларни нотариал тасдиқлаш тартиби: кўчмас мулк, автотранспорт воситаларини расмийлаштириш, Германияда нотариус лавозими ҳамда унга тайинланиш тартиби, нотариус ваколатлари ва мажбуриятлари, статистик ҳисобдорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, нотариат соҳасида ахборот-коммуникация технологияларининг тутган ўрни, нотариал фаолият устидан назоратни амалга ошириш ва бошқа шу каби долзарб масалалар юзасидан савол-жавоблар асосида суҳбат қурилди ва тажриба алмашилди. Бунда, Адлия вазирлиги томонидан жорий этилаётган “Нотариус” ахборот тизими, ундан кўзланган асосий мақсадлар ҳамда ушбу тизимнинг қулайликлари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Семинар баҳс мунозараларга бой тарзда ўтиб, иштирокчилар ўзаро фикр алмашишди ҳамда икки давлат ҳуқуқ тизимларининг афзалликлари, ўхшашлик ва фарқли жиҳатлари, миллий хусусиятлари бўйича зарур маълумотларни олдилар.
Семинар давомида иштирокчилар нотариал ҳаракатларни амалга оширишни жойида кўриш мақсадида Бухоро шаҳрида фаолият кўрсатаётган давлат нотариал идораларидан бирига ташриф буюришди. Ташриф давомида меҳмонларга нотариат соҳасида амалга оширилган ишлар, шу жумладан фуқаролар учун яратилган қулайликлар, нотариус ходимларининг иш фаолияти ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимояси, нотариал фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида тегишли тушунтиришлар берилди.
Семинар якунида ташкилотчилар келгусида ҳам худди шундай тадбирларни ташкил қилиш борасида келишиб олинди.