Янгиликлар
Коррупция: унга қарши курашнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси конференц-залида “Коррупцияга қарши курашда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят прокуратураси, вилоят адлия бошқармаси, жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича вилоят судлари, вилоят ИИБ, вилоят солиқ бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси, марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари, вилоятдаги олий таълим муассасаси, вилоят ўрта-махсус касб ҳунар таълими бошқармаси, вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, вилоятда фаолият юритаётган ННТлар, маҳалла раислари, ФЖШМҚМИ ҲБ ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Ушбу давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, коррупцияга қарши курашишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашда кенг жамоатчилик ролини кучайтиришдан иборатдир.
Тадбирда коррупцияга қарши курашдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашдаги фаолияти хусусида гапириб ўтилди, шунингдек, коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилувчи видео роликлар ҳам намойиш қилинди.
Таъкидланганидек, демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.
Барча давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбари “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан фуқаролик жамият институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида жамотчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш фурсати етганлигини таъкидлаб ўтган эди.
Давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади. Шунинг учун биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Шу маънода айтганда, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунини қабул қилишнинг аҳамияти беқиёсдир.
Худди шундай, “Давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 11 апрелдаги Қонунлари ҳам коррупцияга қарши кураш ва унинг олдини олишда катта аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (210-моддаси Пора олиш, 211-моддаси Пора бериш ва 212-моддаси Пора олиш-беришда воситачилик қилиш) бир қатор моддаларида айнан коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликлар кўзда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2411-модда (хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) билан тўлдирилди.
Хулоса қилиб айтганда, коррупция ҳар қандай жиноят каби давлат ва жамиятнинг барқарорлиги, тинчлиги, айниқса тараққиёти учун хавфлидир. Унга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ёшу-қари барчамиз маърифат билан курашсакгина коррупциянинг илдизини қуритишга эриша оламиз.
Давра суҳбати баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.