Янгиликлар
27 июнь – Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан “27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан ҳамда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, вилоят Журналистлар ижодий уюшмаси, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари, давлат бошқаруви органларининг масъул ходимлари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва улар бераётган юксак самаралар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда матбуотнинг ўрни катта.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да “Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқдир” дея таъкидланган.
Яқин кунларда Мустақиллигимизнинг 25 йиллигини кенг нишонлаш арафасида турибмиз. 25 йил тарихан ниҳоятда қисқа давр бўлсада, мамлакатимиз ҳаётида асрларга татигулик улкан ишлар қилинди. Халқимизнинг фаровонлиги, Ватанимизнинг халқаро майдондаги шон-шуҳрати, обрў-эътибори ошди, юртимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди, бунинг натижасида давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида чуқур ўзгаришлар юз берди.
Матбуот анжуманини ўтказишдан асосий мақсад ҳам ушбу вазифаларни амалга оширишда адлия бошқармаси билан бевосита ҳамкорлик қилаётган, шунингдек, ўзининг ташаббускорлиги, сайъи-ҳаракатлари билан халқимизнинг ҳурматини ва эътиборини қозонган журналистларни, оммавий ахборот воситалари вакилларини тақдирлаш ва рағбатлантириш ҳамда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан адлия бошқармаси томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасини самарали амалга оширишда ҳамкорлик қилишга чақиришдан иборатдир.
Тадбирда иштирокчилар томонидан турли мулоҳаза ва таклифлар билдирилди, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Анжуманда якунида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги фаол иштироки ҳамда вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликдаги самарали фаолияти учун бир гуруҳ ОАВ раҳбарлари ва ходимлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.