Янгиликлар
Тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий ҳимоя
Адлия вазирлигининг ташаббуси билан Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмасида “Тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий ҳимоя ва имкониятларнинг янги босқичи-хаётимиз фаровонлиги кафолати ҳамда Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдириш тартиби ва унинг аҳамияти” мавзусида семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими, вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари, вилоятдаги давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа назорат қилувчи органлар иштирок этди.
Семинарда Президентимизнинг ўтган йилнинг якунларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида ҳамда янги таркибдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисларида хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш масаласига яна бир бор алоҳида тўхталиб, “Бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш устувор вазифа эканлиги” қайд этиб ўтилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига кенг имконият ҳамда эркинликлар бериш, бу йўлдаги барча тўсиқларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилганлиги билан бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилинганлиги, уларга асосан тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширишлар сони сезиларли қисқартирилиб, ҳисобот тақдим этишнинг шакл ва турлари камайтирилганлиги, барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилиниб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилганлиги таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2015 йил 15 майдаги Фармони ва унга асосан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юқоридаги фикримизнинг тасдиғидир.
Бунга кўра, Текширишларни рўйхатга олиш китоби — ўтказилган текширишлар тўғрисидаги ахборот ёзиб қўйиладиган электрон ёки қоғоз шаклидаги махсус китоблиги белгиланди. Ушбу Низомга киритилган қўшимчаларга асосан, техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли тўлдирилиши шарт. Бунда китобнинг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.
Киритилган қўшимчаларга асосан юқоридаги Низомнинг 24¹-бандида текширув натижаси бўйича тузиладиган ҳужжатда текшириш жараёнида тўлдирилган текширишларни рўйхатга олиш китобининг шакли кўрсатилиши, 25-бандида мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Шу билан бирга Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг 21.12.2015 йилдаги 2-сонли қарори билан текширувчилар томонидан техник имконият мавжуд бўлганда албатта электрон китоб тўлдирилиши шартлиги, бундай ҳолларда, китобни электрон шаклини тўлдирмаслик ёки уни тўлдиришдан бош тортиш текширишлар тартибини бузиш деб ҳисобланиши, техник имконият мавжуд бўлмаганда, бу ҳақда текшириш далолатномасида қайд этилиши ва унда китобнинг қоғоз шакли тўлдирилиши шартлигини таъминлаш белгиланди.
Семинарда тадбир иштирокчиларига Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдиришни намуна шаклида кўрсатилиб, китобни тўлдириш тартиби ва унинг аҳамияти тушунтирилди ҳамда семинар иштирокчилари томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Барча назорат қилувчи орган ходимларига текширишлар ўтказиш тартибларига қатъий риоя этишлари, ушбу масалада адлия органлари ҳар қандай ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатишга тайёр эканлиги билдирилди.