Янгиликлар
ННТ соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш
Маълумки, ҳар қандай давлатда ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларни ташкил этиш ва фаолият юритиши учун қонуний асослар яратилмасдан жамиятнинг ривожланишини тасаввур қилиб бўлмайди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ республикамизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг принциплари конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилди ва уларнинг кенг ривожланиши учун ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди.
Истиқлол даврида мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини самарали фаолият юритиши учун норматив-ҳуқуқий базаларни такомиллаштиришга катта эътибор қаратилди. Бугунги кунда уларнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмиталари ўртасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги Қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича тарғибот режаси тасдиқланган.
Ушбу тарғибот режасига мувофиқ Бухоро вилояти Адлия бошқармасида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят статистика бошқармаси, вилоят солиқ бошқармаси, шунингдек, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармонлари, қарорлари ва Ҳукумат қарорларининг қабул қилиниши фуқаролик жамияти ва унинг институтлари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларнинг ривожланиб боришига катта имкониятлар яратмоқда. Натижада мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг сафи янада кенгайиб бормоқда.
Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 30 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 31 мартда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунини мисол ўрнида келтиришимиз мумкин.
Ушбу Қонун билан 17 та Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, 7 та Ўзбекистон Республикасининг кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Булар қаторида “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунининг 8, 9, 21, 22, 27, 30, 33, 36-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
“Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг 2, 4, 5, 6, 13-16, 17, 20, 22, 23-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этилганда жавобгарлик юқори эди.
Қонунчиликнинг либераллашуви натижасида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 239-моддаси ва 2391- моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори камайтирилди ва диспозицияларнинг бир қисмига тузатишлар киритилди.
Тадбир давомида ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан тўлиқ маълумотлар бериб ўтилди.
Хулоса қилиб айтганда ушбу қабул қилган қонун ҳужжатлари ННТларнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилгандир. Бундан кўзланган мақсад уларнинг янада самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан иборат эканлиги айтиб ўтилди.
Семинар давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.