Янгиликлар
Асрларга тенг йиллар
Шу кунларда халқимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш учун ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада 2016 йил 2 июнь куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қарорда Республика комиссияси томонидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиши белгилаб берилди.
Дарҳақиқат, мазкур қарорда таъкидлаб ўтилганидек, ушбу қутлуғ айём ўтган тарихан қисқа даврда босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад – энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.
Истиқлол ҳар бир юрт, фуқаро учун энг олий неъмат, уларнинг барча соҳадаги эркинлиги, ҳуқуқларининг кафолати, ўз интилишлари, қизиқиши ва ҳаракатларини мутлақо эркин, мустақил амалга ошириш демакдир. Шу боис, унинг шукуҳи ҳар йили инсонлар қалбига ўзгача байрамона кайфият олиб киради.
Президентимиз “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асарларида “Мустақиллик биз учун аввало ўзлигимизни англаш, инсоний қадримизни, урф-одат ва қадриятларимизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимиз, азиз-авлиё ва алломаларимизнинг табаррук номлари ва меросини, ғурур ва ифтихоримизни тиклаш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби беқиёс имкониятлар очиб берганини алоҳида таъкидлаш зарур”, — дея таъкидлайди.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Бухоро туман давлат нотариал идораси томонидан туманидаги Соҳибкор ҚФЙда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Асрларга тенг йиллар” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам айнан юқоридаги масалаларга бағишланди.
Тадбирда маънавият тарғибот бўлими, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва маслаҳатчилари, шунингдек, бошқа манфаатдор идоралар ҳамда фуқаролар иштирок этдилар.
Хусусан, давлатимиз эртаси бўлмиш ёшларга алоҳида эътибор қаратилди, уларнинг ўқиши, билим олиши ва спорт билан шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратилди ва яратилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожи учун катта ҳисса қўшаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка ҳам алоҳида қулайлик ва имтиёзлар берилди.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда барча соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. 2015 йилда нуфузли Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган давлатлар орасида 5-ўринни, БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллагани юртимизнинг барқарор тараққиётга эришаётганидан дарак бермоқда. Жаҳон банкининг маърузасида Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олганлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, ўтган йили мамлакатимиз БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, “янги бизнесни қўллаб-қувватлаш” деб аталадиган мезон бўйича мамлакатимиз жаҳонда 42- ўринни эгаллади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Жаҳонда иқтисодий вазият ва 2016 йил истиқболлари” номли янги ҳисоботида Ўзбекистон ўзининг реал ялпи ички маҳсулотининг ўсиш кўрсаткичлари билан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида етакчилар қаторида турганлигини таъкидлаш жоиз.
Албатта, ушбу жараёнлар шу заминда яшовчи ҳар бир юртдошимиз кўнглида фаҳр ва ифтихор туйғусини уйғотади. Мана шундай тинч, мустақил, фаровон ҳаётнинг қадрига етиб яшаш, унинг бойликларини асраб-авайлашни бурч деб билиб, бундан кейин ҳам унинг гуллаб яшнашига ва тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир.