Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Меморандумларнинг жойлардаги ижроси


Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси.

Бухоро вилояти адлия бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви ва бошқа манфаатдор идоралар ҳамкорликда Когон педагогика коллежида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан семинар ўтказилди. 1.jpg

Тадбирда адлия бошқармаси масъул ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви раиси ва ходимлари, Бухоро шаҳридаги малака ошириш институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари, Когон туман ва Когон шаҳридаги МФЙ ва ҚФЙ раислари ва ходимлари, шунингдек, давлат бошқаруви ва назорат қилувчи органлар, ННТ вакиллари иштирок этишди.

Қонунлар ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асоси ҳисобланади. Ҳуқуқий асос қанчалик мустаҳкам бўлса, қонунларга қанчалик риоя этилса, давлат ва жамият ҳам шунча ривожланиб бораверади.

Ижтимоий муносабатлар жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган ҳозирги жараёнларда давлат органларига нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахсларнинг ҳам мурожаатлари ошиб бораётганлиги сабабли 2014 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонун қабул қилиниши билан амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майда қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ўз кучини йўқотди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад мустақилликнинг аҳамиятини ва 25 йил давомида эришилган ютуқларимизни кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура, тегишли вазирлик, қўмита ва агентликлар, шунингдек, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ўртасида 2012 йилда имзоланган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги Меморандумларнинг жойлардаги ижросини таъминлашдан иборатдир.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мустақиллигимизнинг қўлга киритилиши, давлатимизнинг мустақиллик йилларида барча соҳада қўлга киритаётган ютуқлари ва мазкур муфаққиятлар дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётганлиги хусусида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти, оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклдаги мурожаатлар бир хил кучга эга эканлиги, мурожаатларга қўйилган талаблар, юридик шахсларнинг мурожаатига қўйилган талаблар, электрон мурожаатларни қайд қилиш тартиби, аноним мурожаатлар тўғрисида батафсил тушунчалар берилиб, мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликларга нисбатан белгиланган жавобгарликларга алоҳида урғу берилди.

1.jpgЖумладан, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилиб, аввалги Қонундан фарқли ўлароқ, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган қисқа муддатларда кўриб чиқилиши мустаҳкамланди.

Шунингдек, аввалги Қонунда таклиф тушган кундан эътиборан бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклиф киритган шахсга маълум қилиниши кўрсатилган бўлса, янги Қонунда таклиф киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилиниши белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилиши уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Эркин суҳбат асносида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар ва масалалар бўйича керакли маълумотлар олдилар.