Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари


1.jpgБухоро вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган “Фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ишини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб тамойиллари” мавзусида туман ва шаҳарларда ўтказиладиган ўқув семинарлари режа-жадвалига мувофиқ адлия бошқармаси, ФЖШМҚМИ Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси, “Маҳалла” фонди вилоят бошқаруви, вилоят солиқ бошқармаси, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва бошқа манфаатдор идоралар томонидан ҳамкорликда Когон педагогика коллежида ўқув семинари ташкил қилинди.

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга кенг жорий этилишида фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлмиш маҳалла институтининг ўзига хос ўрни бор.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, маҳалла институтининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, моддий техник шароитини яхшилаш, ходимларнинг билим даражасини ошириб боришга жиддий эътибор қаратиб келинди. Ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг самарали натижаларини бермоқда.

Бугунги кунда жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларида маҳалланинг ўрни ва ролини сезмасликнинг иложи йўқ.

Чунки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаб бориб, барча жараёнларда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол қатнашаётганлиги барчамизга маълум.

Тадбирда таъкидланганидек, айни пайтда, маҳалла жаҳон ҳамжамияти томонидан фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлайдиган адолатли институт сифатида тан олинган ноёб тузилмага айланди.

Бундан ташқари, маҳаллалар илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатига кирган ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эга бўлган ўттиздан ортиқ вазифаларни муваффақиятли тарзда бажариб келаётганлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалар кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлаш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йиллар давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимига оид элликдан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан унинг фаолиятини тартибга солувчи иккита Қонун қабул қилинди.Жумладан, 2013 йил 22 апрелда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.

Янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Масалан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тегишли ҳудудда ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фуқаролар бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва коммунал хизматлар кўрсатиш сифати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича қўшимча ваколатлар берилди.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 2-боби бевосита фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларига бағишланган бўлиб, мазкур Қонуннинг 11 ва 12-моддаларида фуқаролар йиғинларининг ваколатлари кўрсатиб ўтилган.

Ушбу ваколатлардан бири сифатида фуқаролар йиғинларининг тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши белгиланган.

Бу комиссиялар ўз навбатида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва жамиятнинг турли соҳаларидаги йўналишларида фаолият олиб бориши ҳамда жамоатчилик назоратини олиб бориши мумкинлиги, ушбу соҳаларда деярли барча давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши учун шароит яратиб берилганлигидан далолат беради.

Шу ўринда жамоатчилик назоратининг афзалликлари ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, жамоатчилик назорати - фуқаролик жамиятининг асосий хусусиятларидан бири бўлиб, унда фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, давлат органларида ишлаётган ҳар бир раҳбар ходимнинг ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканини чуқур ҳис этиб туриши жамият ривожида муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Шунга мос равишда маҳалланинг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолият кўлами ҳам кенгайиб бораётгани диққатга сазовор.

1.jpgФуқаролар йиғини томонидан туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликлари раҳбарларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва фуқароларнинг мурожаатлари бажарилишини назорат қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ободонлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ва қарорлар қабул қилиш амалиёти билан боғлиқ масалалар Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси фаолиятида ўз ифодасини топган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши, давлат ва жамият, энг аввало, шахс манфаатларига хизмат қилади. Фуқаролик жамияти институтларини мавқеини кўтариш, жумладан маҳалла институти ишининг самарадорлигини ошириш мамлакатимизда нафақат тинчлик ва ҳамжиҳатлик, жамиятимиздаги барқарорликни сақлаш, балки аҳолининг фаровонлиги, турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим роль ўйнайди. Бунга албатта юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.