Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Шахс ҳуқуқ ва манфаатлари – қонун ҳимоясида


Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида суд-ҳуқуқ тизими ва соҳага оид қонунчиликнинг халқаро андозаларга мос тарзда такомиллаштирилаётгани фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Фармонда юқори малакали хорижий мутахассисларни ўқув жараёнига жалб қилиш, хорижий тажрибани ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор берилгани соҳадаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида “Суд жараёнида сўроқ қилиш тактикаси ва усуллари: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзуcида ташкил этилган халқаро семинарда бу алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Олий ўқув курслари ҳамда Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашиш” лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари, олимлар, адвокатлар, хорижий экспертлар иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизни янада обод ва фаровон қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётир. Прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар шулар жумласидандир. Адвокатура институтининг ривожланаётгани фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамламоқда.

Сўроқ қилиш суднинг ҳақиқатни аниқлашига ёрдам беради. Бу гувоҳларнинг, жабрланувчи ва бошқа иштирокчиларнинг ишончли гувоҳлик беришига боғлиқ. Бунинг учун сўроқ қилишда сўроқ қилинувчи категориялари ва иш ҳолатларини инобатга олган ҳолда турли усул ва воситаларни қўллаш лозим. Сўроқ қилишда бир қатор ҳуқуқий, шунингдек, этика талабларига риоя этилиши шарт. Ушбу талабларга риоя қилиш инсон ҳуқуқларнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

– Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳанинг халқаро андозалар даражасида фаолият кўрсатишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашиш” лойиҳаси раҳбари Инго Риш. – Суд жараёнида сўроқ қилишда инсон ҳуқуқлари таъминланиши масаласида Ўзбекистон ва Германия тажрибаси қиёсий таҳлил этилганида ўзаро уйғунлик, яқинлик мавжудлиги кўзга ташланди. Бу йўналишда ҳамкорлик қилаётганимиздан жуда мамнунмиз.

Семинарда сўроқ қилиш амалиёти ва усуллари, бу борадаги хориж тажрибаси ҳақида маърузалар тингланди.