Янгиликлар
Тадбиркорлар ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатланиши мустақиллик маҳсулидир
Мустақиллик шарофати ва Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди. Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш ва ривожлантиришнинг самарадорлигини оширишга, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу вазифлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Тадбиркорлар ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатланиши мустақиллик маҳсулидир” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бирга тадбиркорлик субъектлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар вакиллари иштирок этдилар.
Жумладан, Жиноят кодексининг 184-моддасига киритилган қўшимчага кўра, тадбиркор томонидан солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жинояти натижасида давлатга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганда, жавобгарликдан озод этилиши белгиланди. Натижада ҳозирга қадар 40 дан ортиқ тадбиркор зарарни қоплаганлиги учун жавобгарликдан озод этилди.
Солиқ кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга мувофиқ, солиққа оид бир нечта ҳуқуқбузарлик учун молиявий жариманинг миқдори энг кўп белгиланган жарима миқдоридан ошмаслиги тартиби ўрнатилди. Илгари ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида жарима ҳисобланиб, уларнинг умумий миқдори қўшиб чиқарилар эди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, суд молиявий жариманинг энг кам миқдоридан ҳам камроқ жарима белгилашга ҳақли эканлиги белгиланди. Олдин судда ушбу ваколат йўқ эди.
Шунга кўра, Хўжалик судлари томонидан 500 га яқин ҳолатда молиявий жарималар ҳуқуқбузарлик мажмуи бўйича қўлланилган бўлса, 200 дан ортиқ ҳолатда эса белгиланган молиявий санкциянинг энг кам миқдоридан ҳам камроқ молиявий санкция қўлланилди.
Шунингдек, ушбу қонуннинг 6-моддасига киритилган қўшимчага асосан якка тартибдаги тадбиркорларга бир нафардан учтагача ходим ёллаш ҳуқуқи берилди. Берилган имкониятдан фойдаланган ҳолда фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 8000 га яқин фуқароларнинг иш билан бандлиги таъминланди.
Тадбирда шунингдек, хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг роли ва аҳамиятини ошириш борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар тўғрисида ҳам сўз юритилди.
Тадбир қатнашчилари диққатига бир неча далил ва рақамлар тақдим қилинди. Биргина 2016 йилнинг 1 ярим йиллигида давомида тадбиркорлик соҳасидаги қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 1.208 та тақдимнома, 955 та огоҳномалар киритилиб, кўрилган таъсир чоралари натижасида 979 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шу жумладан 52 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хусусий сектор ҳуқуқларини чеклайдиган 837 та ноқонуний ҳужжатлари қонунга мувофиқлаштирилди.
Муҳокамаларда назорат қилувчи органлар масъул ходимлари томонидан қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан белгиланган талаблар даражасида иш олиб борилиши қонунийликни таъминлашга, тадбиркорларнинг давлат органларига нисбатан ишончи ортиши ва ўз навбатида иқтисодиётдаги улушининг янада кўпайишига хизмат қилиши эътироф этилди. Тадбир якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларнинг таклифлари асосида келгусида бу борада қилиниши лозим бўлган аниқ вазифалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.