Янгиликлар
Битирувчилар бандлиги таъминланмоқда
Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Қиз болани коллежни битирмасдан, ҳунар эгалламасдан туриб, кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калтабинлик деб ҳисоблайман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади. Бу менинг энг катта орзуим ва тилагимдир, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Шу нуқтаи назардан қараганда, дастурда коллеж битирувчиларини, биринчи навбатда, қизларимизни иш билан таъминлаш масаласини долзарб вазифа тариқасида кўрсатишимиз даркор” дея таъкидланди.
Мазкур чора-тадбирлар режаси ижроси юзасидан Бухоро шаҳар ҳокимлиги, вилоят меҳнат бош бошқармаси, Бухоро шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан ҳамкорликда Бухоро давлат университетида битирувчилар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Ушбу меҳнат ярмаркасида шаҳардаги ишсиз фуқаролар, олий ўқув юртлари, ўрта махсус, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.
Ярмаркада Бухоро шаҳридаги 50 дан ортиқ иш берувчи корхона ва ташкилотлар ўзларининг 300 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Иш топиш мақсадида келган битирувчиларнинг 100 га яқинига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Корхона ва ташкилотлар билан шартномалар тузилди. Қолган битирувчиларга меҳнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси ва бошқа ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мутахассислар ва ташкилотлар томонидан маслаҳатлар берилди.