Янгиликлар
Ҳуқуқий ҳимоя асослари
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро ҳудудий бўлинмаси ва Бухоро вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси асослари” мавзусида семинар ташкил этилди. Тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро ҳудудий бўлинмаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаментининг Бухоро вилоят бошқармаси, вилоят адлия, солиқ, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Бухоро ҳудудий бошқармаларининг бошлиқлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этдилар.
Семинарда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқуқрлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси вазифаларидан келиб чиққан ҳолда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш жараёнида тадбиркорларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари таъминланишини комплекс механизмларини мустаҳкамлаш борасидаги мавжуд муаммоларни кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатловчи ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун барча шароитлар мавжуд. Ҳуқуқий норматив базани ўрганиш шуни кўрсатадики, иқтисодиётни ислоҳ қилиш соҳасидаги жами 500 дан ортиқ қонунлар иқтисодиётни модернизация ва либераллаштиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб қолмасдан, балки бозор ислоҳотларига ўтишда кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбир иштирокчилари тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан танишдилар.
Шунингдек, тадбир давомида вилоят адлия бошқармаси томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент жараёни ҳақида ҳам фикр юритилиб, ушбу лойиҳанинг Бухоро ва Самарқанд вилоятларида амалда эканлигини инобатга олиб, бугунги кунда тадбиркорлар фаолиятида юзага келаётган муаммолар борасида мурожаатлар ошкора ва холисона ечиб берилаётгани, мурожаат натижалари бевосита вилоят адлия бошқармасининг расмий веб-сайти орқали кенг ёритиб берилаётгани хусусида ҳам маълумот берилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш-бизнинг бош мақсадимиздир” маърузасида белгиланган устивор вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда тинчлик осойишталик ва хавфсизликни, миллатлараро ҳамда диний аҳиллик, ҳамжиҳатликни сақлаш ва мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидладилар.