Янгиликлар
Ўзбекистонда суд криминалистик экспертизасининг ривожланиш истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.Унда Оммавий ахборот воситалари вакилларига Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолияти йўналишлари ,янги лойиҳалари хусусида маълумотлар тақдим этилди.
“Ўзбекистонда суд криминалистик экспертизасининг ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги матбуот анжуманида таъкидланганидек ,ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида фан ва техниканинг сўнгги ютуқларидан, миллий ҳамда хорижий илғор тажрибалардан фойдаланиш - одил судлов жараёнининг муҳим шарти ҳисобланиб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида аҳамият касб этади.
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази узоқ йиллардан бери мамлакатда суд экспертизаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноий ишларни юритишда замонавий илм - фан имкониятларидан фойдаланган ҳолда назарий ва амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда фан ва техниканинг изчил тараққиётига хос равишда суд экспертизасининг ҳам барқарор ривожланиши кузатилмоқда. Ушбу даргоҳда Экспертлик тадқиқотларининг жаҳон стандартларига мос келадиган замонавий илмий даражада ўтказилиши учун барча шароитлар яратилган.
Учрашувда кейинги йилларда амалга оширилган лойиҳалар,йўлга қўйилган экспертиза йўналишлари бўйича далиллар, маълумотлар тилга олинди.
Бундай янги экспертиза турларининг амалиётда кенг қўлланилаётганлиги тергов органларига жиноятларни очиш, далиллар тўплаш ва уларни илмий асосда мустаҳкамлаш, судлар фаолиятида эса одил судловни амалга ошириш, адолатли қарор ва ҳукмлар чиқаришда таъсирчан восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, анжуман давомида Марказнинг турли йўналишида фаолият юритиб келаётган бўлим ва лабораториялар мутахассислари журналистларга суд экспертизаси бўйича эришилган ютуқлар,яратилган имкониятлар ва келгуси ривожланиш истиқболларига оид материалларни тақдим этдилар.
Тадбир қатнашчилари ўзларининг саволлари, таклиф ва мулохазалари билан мулоқотнинг жонли, қизиварли ўтишига хисса қўшдилар.Тақдим этилган ахборот ва маълумотлар келгусида электрон ва босма ахборот воситаларида ёритиш учун тайёрланадиган материалларга ишончли манба бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.