Янгиликлар
Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида
Вилоят матбуот марказида Олий Мажлис томонидан “Фуқаролик жамияти институтларининг жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзусида эълон қилинган грант танловида Бухоро ёшлари газетаси томонидан қўлга киритилган “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик!” номли лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси, маънавият тарғибот маркази вакиллари, ёшлар, лойиҳа аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ёшларга оид давлат сиёсатига бағишланган видеолавҳа билан бошланган анжуман қизғин мунозараларга уланиб кетди.
Сўзга чиққанлар томонидан мазкур грант лойихасининг мақсад ва вазифалари, 9 ой давомида амалга ошириладиган тарғибот тадбирлари, ўқув семинарлари, маҳорат дарслари, социологик сўровлар, қизғин танловлар, уларнинг мазмун-моҳиятига атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Грант лойиҳаси номидан кўриниб турибдики, дастур асосан, жамиятнинг, айниқса ёшларнинг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, қабул қилинаётган қонунларнинг асл моҳиятини тушунтиришдан иборатдир.
Шунингдек, уларда эртанги кунга ишонч, келажакка дахлдорлик ҳиссини кучайтириб, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш лойиҳанинг бош мақсадларидан биридир.
30 дан ортиқ тадбирларни ўз ичига олган ушбу лойиҳа жараёни асосан уч қисмдан, яъни “Ҳуқуқий саводхонлик – юксак маданият белгиси”, “Ёш спикер” кўрик-танлови ҳамда “Келажак механизми” социологик сўровларидан иборат. Лойиҳа механизми доирасида кўплаб интерактик тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Анжуманда тарқатма материаллар ҳам берилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар грант дастури бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.