Янгиликлар
Ҳуқуқий таълимнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги вазифалар
Республика Адлия вазирлигида “Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларида ҳуқуқий таълимнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда ҳуқуқшунослар, педагог олимлар, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти халқ таълими тизимида фаолият юритаётган сохага масъул мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувда қайд этилганидек, Адлия вазирлигининг иш режасига кўра Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси масъул ходимлари томонидан мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларида ҳуқуқ соҳасидаги таълим ишларининг услубий жиҳатдан таъминланиш ҳолати ўрганилди ва таҳлил қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим-тарбия, ҳусусан ҳуқуқий таълим соҳасини ривожлантиришнинг қонунчилик асослари яратилган бўлиб, 160 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Ўқувчиларга бу соҳада билим бериш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ҳуқуқий таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонунига мувофиқ норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида вояга етмаганлар тарбиясига мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижрога йўналтирилган.
Бугунги кунда халқ таълими тизимида мавжуд 9692 та умумтаълим мактабларида таълим олаётган 4,6 млн.дан ортиқ ўқувчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш учун тегишли билимлар берилмоқда.
Ўрганиш натижалари Халқ таълими тизимида ўқувчи-ёшларга ҳуқуқий таълим бериш, уларда миллий ҳуқуқ тизими тўғрисидаги тасаввурни уйғотиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонун ҳар соҳада устувор эканлигини англатиш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилганини кўрсатмоқда.
Бугун республикамиз аҳолисининг қарийб 34 фоизи 18 ёшгача бўлган болалар, 58 фоизи эса 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилмоқда. Бу рақамлар ўз-ўзидан ҳуқуқий таълим-тарбия билан боғлиқ фаолиятни янада кучайтиришни тақозо этади.
Давра сухбати иштирокчиларига таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ўртасида ўтказилган социологик тадқиқотларнинг натижалари тақдим этилди.
Анжуманда ҳуқуқ соҳасидаги таълим ишларининг услубий жиҳатдан таъминланишини янада такомиллаштириш юзасидан ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар қатнашчилар эътиборига ҳавола этилди.
Хусусан,мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун ҳуқуқий маданиятни шакллантиришни ўз ичига олган кўргазмали воситалар (плакатлар, мультимедия материаллари, ўқув адабиётлари) яратиш.
Умумтаълим мактабларининг ўқув режасига “Инсон ҳуқуқлари” фани киритилиши муносабати билан 1999 йил 16 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 390–қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
Мамлакатимизда қонунчилик соҳасининг ривожланиб бораётганлиги муносабати билан, ўқувчиларни зарур бўлган қонун ва қонун ости ҳужжатларининг моҳияти билан таништириб бориш мақсадида Давлат ва ҳуқуқ асослари фани дарсликларини ҳар 2 йилда нашр этилишини ташкил этиш ва бу борада тегишли ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.
Давра суҳбатида муҳокама этилган масалаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.