Янгиликлар
Юридик кадрлар тайёрлаш тизими: кеча ва бугун
Анжуман аввалида таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар юқори билимли, малакали, кенг дунёқараши билан жахон стандартларига тўла жавоб берувчи кадрлар тайёрлашни тақозо этмоқда. Айнан шу маънода Ўзбекистон Республикаси Биринчи президенти Ислом Каримовнинг “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мамлакатни ҳуқуқий жиҳатдан модернизация қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди. Ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти юридик таълим ислоҳотлари бўйича яратилган мавжуд тизимни республикада ўтказилаётган демократик ва ҳуқуқий янгиланишлар, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг юксак талабларига мослаш ҳамда замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган. Мазкур қарор асосида Тошкент давлат юридик институти Тошкент давлат юридик университетига айлантирилиб, юридик кадрлар тайёрлаш бўйича базавий таълим муассасаси ва илмий методик марказ этиб белгиланганидан яхши хабардорсиз.
Бугунги кунда юридик университетда ўқув жараёни дунёнинг кўпгина мамлакатларида амалда бўлган ва ўзининг қулайлиги ҳамда самарадорлиги билан тан олинган ўқитишнинг модул тизимига асосланиб амалга оширилмоқда. Мазкур тизимда ўқув жараёнининг асосий мазмуни, талабаларда мустақил таълим олиш қобилиятини ривожлантириш, уларнинг ўз соҳаси йўналишларига қизиқишларидан келиб чиқиб, ўқув фанларини танлаш имкониятини бериш ва мустақил таълим олишини таъминлаш учун тўлақонли ўқув адабиётларини яратишни назарда тутади.
Ўқув жараёнига замонавий ўқитиш шакллари, шу жумладан «кейс-стади», илмий презентациялар, жамоада ишлаш кабилар тўлалигича киритилди. Бу эса амалиётда юзага келиши мумкин бўлган низоли вазиятлар асосида талабаларнинг юридик жиҳатдан асослантирилган фикр бериш қобилиятини ривожлантириш имкониятини беради.
Маълумки, юридик таълимнинг устувор йўналишлари бўйича талабаларни фундаментал базавий, шунингдек, амалий касбий тайёргарлигини таъминлайдиган дастур ва ўқув режалар асосида ўқитиш зарур. Шунинг учун университетнинг фанлар юзасидан ишчи ва ўқув дастурлари Германия, Франция, Буюк Британия, шунингдек, Япония давлатлари тажрибасини ўрганиш асосида оптималлаштирилган бўлиб, ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, педагогик, ахборот-коммуникация, инновацион технологияларни қамраб олади. Талабаларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва улардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш мақсадида ўқитиладиган фанлар хажми сезиларли равишда қисқартирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки,Тошкент давлат юридик университети ташкил этилган вақтдан буён ўқитишнинг замонавий стандартларини жорий этиш, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштириш, шунингдек, университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ҳуқуқий фанлар бўйича янги авлод дарслик ва ўқув қўлланмаларни яратиш юзасидан Комплекс дастур доирасида 75 та режалаштирилган дарсликлардан жами 65 та ўқув адабиётлари нашр этилаётгани маълумот ўрнида келтирилди.
Талабаларнинг билим ва касбий кўникмаларини такомиллаштириш учун амалий машғулотлар хажми оширилди, уларни самарали равишда ташкил этиш мақсадида мунтазам равишда амалиёт ходимлари таклиф этилилиб, кўчма дарс машғулотлари олиб борилмоқда. Бакалавр ва магистрларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ишлаб чиқариш, хўжалик, тижорат корхоналари, молия-банк ҳамда бошқа муассасаларда малака амалиёти давомийлиги 14 ҳафтадан 19 ҳафтагача оширилди.
Журналистларни университетнинг халқаро ҳамкорлик сохасидаги фаолияти қизиқтирди.Тақдим этилган маълумотларга кўра мазкур илм даргохи хорижий давлатларнинг бир қатор нуфузли университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Тулуза (Франция), Осака ва Нагоя (Япония) университетлари ҳамда Германия ва Франциядаги университетлар шулар жумласидандир. Шу билан бирга, Шпайр Университети (Германия), Бостон Ҳуқуқ мактаби (АҚШ), Глазго Университет (Буюк Британия)лари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш режалаштирилган
Самимий мулоқот асносида ўтган анжуманда журналистлар биринчи манбадан олинган маълумотлар босма ва электрон оммавий ахборот воситалари учун материаллар тайёрлашда ишончли манба бўлиб хизмат қилишини эътироф этдилар.