Янгиликлар
Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришнинг муҳим масалалари
Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг бевосита раҳбарлигида юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар мантиқий изчилликда босқичма-босқич амалга оширилиб келинди.
Мазкур ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги“Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини айтиш жоиздир.
Адлия вазирлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда тасдиқланган режа ижросини таъминлаш мақсадида адлия бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ФЖШМҚМИ Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасида “Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришнинг муҳим масалалари ва хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоялаш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати, сиёсий партия вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тадбиркорлик субъектлари ва ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, ушбу Фармон билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Мазкур Фармон талабига кўра 2017 йил 1 январдан бошлаб:
-тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг, шунингдек жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади;
- молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар;
- ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар;
- тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди.
Тадбирда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тушунчалар бериб ўтилди.