Янгиликлар
Эрта никоҳга қаршимиз!
Бухоро вилоят адлия бошқармасида “Эрта никоҳга қаршимиз!” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
“Обод турмуш йили” муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори Н.Холова маъруза қилиб, оила муқаддас даргоҳ, оналар ва балалар саломатлигини мустаҳкамлаш зарурлиги, оталик ва оналик ўзи билан биргаликда фарзандларини бахтли ва соғлом кўриш ҳиссиётини уйғотиши бу дунёдаги барча инсонларга хос истак эканини таъкидлади. Зеро, президентимиз таъкидлаганларидек, “Соғлом она-соғлом бола тушунчасини тизимли равишда аҳолининг онгига етказишни амалга ошириш зарур”.
Шунингдек, тадбир давомида репродуктив саломатлик, эрта турмушга беришнинг салбий оқибатлари, эрта хомиладорлик ва эрта туғруқ давридаги асоратлар борасида ҳам фикр юритилиб, бугунги кунда қариндошлар ўртасидаги никоҳларни олдини олишда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг саводхонлигини ошириш лозимлиги ва уларга катта масъулият юклатилганлиги таъкидланди.
Бундан ташқари тадбирда, аёллар орасида жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши, ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор бериш лозимлиги, хусусан қизлар тарбиясида онанинг масъулияти, бунда аввало оналарнинг ҳам ҳуқуқий, ҳам тиббий маданиятини ошириш, фарзандлар психологиясини тушунтириш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.
Айниқса, никоҳланувчилар учун тиббий кўрикнинг аҳамияти ва ижобий томонлари, ОИТС ва ОИВ каслликларни аниқлаш борасида тиббий кўрикнинг долзарблиги, бу бевосита келгусидаги нохушликларнинг олдини олишда самарали амал эканлиги ҳаётий воқеалар асосида тушунтириб берилди.
Шу билан бирга вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам репродуктив саломатлик, эрта никоҳ ва қариндошлик никоҳларининг салбий оқибатлари мавзуларида кўплаб тарғибот тадбирлари ташкил қилиниб, натижаси ўлароқ, қизларнинг тарбиясига алоҳида эътибор бериш лозимлиги, келажак давомчиси сифатида уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада кенгроқ шакллантириш лозимлиги таъкидланди.
Семинар давомида диний маслаҳатчилар томонидан саволлар берилиб, тадбир қизғин баҳс-мунозарага бой тарзда ўтди.
Тадбир сўнггида оила қонунчилигини янада таомиллаштириш борасида бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.