Янгиликлар
Сайловлар – демократия кўзгуси
Жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳар биримиздан нафақат Конституциямиз кафолатлаб берган овоз бериш ҳуқуқини бажо келтиришни, балки фуқаролик бурчимизни чуқур англаш ва бу масалага катта масъулият билан қарашни ҳам талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 7 октябрдаги 748-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури” ижроси юзасидан 3-Бухоро округ сайлов комиссиясининг 2016 йил 17 октябрдаги 24-сонли қарори тасдиқланиб, қарор билан вилоятда тарғибот гуруҳининг таркиби, шунингдек, вилоятдаги туман (шаҳар) лар кесимида экспертлар гуруҳлари шакллантирилди.
Мазкур экспертлар гуруҳлари, сайлов участкалари раислари, аъзолари ҳамда сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш мақсадида жорий йилнинг 2 ноябрь куни Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари” мавзусида маҳаллий семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси вакиллари, экспертлари, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, адлия бошқармасидан эксперт сифатида участка сайлов комиссияларига бириктирилган ходимлар, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги каби сайлов жараёнларини ҳуқуқий тартибга солувчи қонунлар қабул қилинди.
Мазкур қонунларга асосан фуқароларга сиёсий ҳуқуқи бўлмиш сайловларда иштирок этиш борасида қатор қулайликлар яратиб берилди.
Жумладан, сайлов қонунчилигида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини кафолатловчи қатор нормалар мавжудлиги, хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасида “Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга”, деб мустаҳкамлаб қўйилганлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси вакиллари, экспертлари томонидан “Муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилиш”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов комиссиялари фаолиятининг ҳуқуқий асослари”, “Овоз бериш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини молиялаштириш”, “Сайловчилар рўйхатини тузишнинг ўзига хос хусусиятлари: миллий тажриба”, “Сайлов жараёнида кузатувчиларнинг ўрни”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари иш фаолиятини ташкил этиш” каби мавзулар юзасидан тушунчалар бериб ўтилди.