Янгиликлар
Сайловлар – халқ иродасининг ёрқин тимсоли
Бугунги кунда ривожланган мамлакатлар сиёсий ҳаётини сайловларсиз тасаввур қилиш қийин. Айнан сайловлар воситасида давлат ҳокимияти ва маҳаллий вакиллик органлари шаклланади, мамлакатнинг сиёсий элитаси вакиллари сайланади. Жамиятдаги сиёсий партияларнинг ҳокимият учун курашида сайлов институти асосий демократик қурол вазифасини ўтайди.
Таъкидлаш жоизки, демократиянинг асосини ташкил этувчи халқ ҳокимиятчилиги мамлакатимизда давлат ҳокимиятини эркин ва демократик сайловлар ўтказиш йўли билан, халқнинг иродаси асосида шакллантиришни шарт қилиб қўйди. Натижада бугунги кунга қадар Ўзбекистонда ўтказилган барча сайловлар — Президентлик сайловлари, парламент сайловлари ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар халқ иродасига таянган ҳолда, демократик меъёрлар ва андозаларга мос равишда ташкил этилди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда Вобкент туманида ўтказилган семинарда ҳам юқоридаги масала бўйича тушунчалар бериб ўтилди.
Таъкидланганидек, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эркин сайловлар, уларнинг демократик жамият барпо этишдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб, "Модомики, биз демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш каби эзгу мақсад сари интилаётган эканмиз, демократиянинг бош талаби бўлмиш эркин сайловларни муносиб ташкил қилиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир", – деган эдилар. Дарҳақиқат, барча демократик давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам сайловлар халқ суверенитетини амалга оширишнинг асосий механизмига айланган. Сайловда қатнашиш ҳар биримиздан нафақат Конституциямиз кафолатлаб берган овоз бериш ҳуқуқини бажо келтиришни, балки фуқаролик бурчимизни чуқур англаш ва бу масалага катта масъулият билан қарашни ҳам талаб қилади.
Тадбирда шунингдек, юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар мантиқий изчилликда босқичма-босқич амалга оширилиб келинаётганлиги, тадбиркорликнинг ривожланишига ғов бўлувчи барча тўсиқларни бартараф этиш, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишгача, кескин кучайтириш мақсадида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам маълумотлар тақдим этилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди..