Янгиликлар
Суд департаментининг фаолияти,тизимда замонавий ахборот-технологияларининг тадбиқ қилиниши ҳамда келгусида амалга ошириладиган вазифалар
Адлия вазирлиги томонидан навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди. Вазирлик ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатдан ва молиявий таъминлаш департаментида ўтказилган тадбир “Суд департаментининг фаолияти, тизимда замонавий ахборот-технологияларининг тадбиқ қилиниши ҳамда келгусида амалга ошириладиган вазифалар” мавзусига бағишланди.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотларда ҳокимиятнинг учинчи тармоғи бўлмиш судлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни кучайтириш, одил судловни таъминлашдир. Бу жараёнда судлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг ўз вақтида, сўзсиз ижро этилиши жуда муҳим.
Соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Бу йўналишда амалга оширилган ташкилий-хуқуқий тадбирлар натижасида, Суд департаменти томонидан суд қарорларини мажбурий ижро этиш ишлари самарадорлигини ошириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, суд биноларини қуриш, капитал таъмирлашда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.
Уларга асосан тизимда янги йўналиш- суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими, суриштирув секторлари ҳамда суд ижрочиларининг фаолиятида компьютер, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида, ахборот таъминоти ва мол-мулкни қидирув бўлими, секторлари ташкил этилди. Ушбу ислоҳотлар натижасида соҳада сезиларли ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда.
Бу эса, жами ижроси амалда ундирилган ижро ҳужжатлари сонининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,3 мингтага ошганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, 2016 йил давомида умумий юрисдикция судларига 10 та янги бино қурилди. 14 та мавжуд бинолар капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Суд департаменти тизими учун 10 та янги бино барпо этилиб, 4 та мавжуд бинолар капитал таъмирланди. Ушбу объектлар учун Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси томонидан 23 млрд. 462,4 млн. сўм маблағ ажратилди.
Суд департаменти ва Марказий банк ўртасида электрон маълумот алмашинувини ташкил этилиб, у орқали қарздорларнинг тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларини электрон сўровнома юбориш орқали аниқлаш имкони яратилди.Қарздорларнинг мол-мулкини қидиришда Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси билан тўлақонли автоматлаштирилган электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.
Матбуот анжуманида журналистларга мазкур Фармон ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан тасдиқланган Дастурнинг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, Суд департаменти фаолияти самарадорлигини янада ошириш, унинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, суд ижрочилари меҳнатини моддий рағбатлантиришни янада мукаммал тизимини шакллантиришдаги аҳамияти хусусида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бирга, оммавий-ахборот воситалари вакиллари ижро йўналиши, уни амалга ошириш механизми, ундирувлардаги муҳим жиҳатлар ҳақида,шунингдек ўзларини қизиқтирган саволларига департамент мутахассисларидан атрофлича жавоб олдилар.